World Crypto Capital компанияси раҳбари Алексей Менг Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ фуқаронинг жами 1,7 миллион долларини қўлга киритиб, мамлакатдан чиқиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур шахс ва унинг шерикларидан жабр кўрган фуқаролар 18 октябрь куни Бош прокуратуранинг фуқаролар қабулхонаси олдида йиғилиб, намойиш ўтказди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Фото: UzNews

Хабар берилишича, мазкур фуқаролар Алексей Менг ва А.Молотягин бошчилигидаги International Consulting Group платформасига сармоя киритган ва фирибгарлик ҳаракатлари оқибатида моддий зарар кўрган. Шу сабабли улар намойишни ташкил қилган. Ушбу тадбирда иштирок этган фуқаролардан жами 33 та мурожаат қабул қилинган.

Бош прокуратура хабарига кўра, Алексей Менг ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят иши ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувида.

«Фуқаролар томонидан берилган мурожаатлар жиноят ишига қўшиб ўз вақтида ва объектив кўрилиши Бош прокуратура назоратига олинган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Алексей Менг World Crypto Capital МЧЖга раҳбарлик қилган ва www.icgexpert.com интернет портали орқали фирибгарлик схемаси асосида фуқаролардан пул маблағлари жалб қилиш билан шуғулланган. Унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.

Мазкур портал орқали фирибгарлик йўли билан 2 мингдан ортиқ ўзбекистонликдан 1,7 миллион доллар жалб қилинган. Жалб қилинган пул маблағларини ўзлаштириш учун Алексей Менг ва унинг шериклари 2019 йилнинг декабрь ойида компания фаолиятини тўхтатган ва Ўзбекистондан чиқиб кетган.