Ўта енгил вазн тоифасида ҳаракат қилувчи UFC жангчиси Умар Нурмагомедов БААда шифохонага ётқизилди.
Таъкидланишича, спортчида юқори ҳарорат ва кўнгил айниши кузатилган. Мазкур маълумотни унинг амакиваччаси Ҳабиб Нурмагомедов тасдиқлади.
«Сўнгги бир неча кун Умар стафилококк инфекция сабаб юқори ҳарорат билан меҳмонхонада ётганди. Бунга қарамай у ва бутун жамоамиз 24 октябрдаги жангга қадар тайёр бўлишига ишонаётгандик. Бугун тонгда Абу-Дабига парвоз қилишимиздан аввал унинг ҳолати оғирлашди ва Дубайда шифохонага олиб борилди.
Тузалиб кет, ука. Демак, тақдирга шу битилган», — дейди Ҳабиб.
Шу туфайли Умарнинг UFC 254 мусобақасидаги жанги бекор қилинди. Нурмагомедов «Жангчилар ороли»да кечадиган мусобақада қозоғистонлик Сергей Морозовга қарши жанг қилиши керак эди.
Шу тариқа Умар Нурмагомедовнинг UFC’даги дебют жанги учинчи марта бекор бўлди. Аввалига UFC 249 мусобақасида Ҳантер Азурга қарши ўтиши керак бўлган жанг коронавирус сабаб бекор бўлган, Натаниэл Вудга қарши жанг эса Абулманап Нурмагомедовнинг ўлими сабаб бекор қилинганди.
Аввалроқ Ҳабиб жамоасидан бўлган Ислом Махачевнинг ҳам жанги бекор бўлганди.
Умар Нурмагомедов MMA’да 19 жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. У сўнгги жангини 2019 йил Тошкентда ўтган GFC 20 мусобақасида ўтказган ва унда Брайан Гонсалесни мағлуб этиб, чемпионлик камарини ҳимоя қилганди.
Изоҳ (0)