Германия Ҳарбий ҳаво кучлари НАТО бўйича иттифоқдошлари билан биргаликда шу ҳафта махфий ҳарбий машғулотларни бошлади, унда ядро қуролини таший оладиган техника қатнашмоқда. Бу ҳақда Bild DPA агентлигига таяниб хабар берган.

Фото: Reuters

Унинг маълумотларига кўра, машғулотлар «Барқарор кун» деб аталиб, Нёрфених авиабазасида (Шимолий Рейн — Вестфалия федерал ўлкаси) бўлиб ўтмоқда. Манёврларда, хусусан, ядро қуролини таший оладиган қирувчи-бомбардимончилар иштирок этмоқда.

Bild ҳарбий экспертларга таяниб ёзишича, бу октябрда ўтказиладиган мунтазам машқлардир. Унда ҳарбийлар Америка ядро қуролини ерости омборидан олиб, транспортда хавфсиз ташиш ва уни қирувчи самолётларга ўрнатиш техникасини машқ қилмоқда. Аммо амалий парвозларда бундай қурол ишлатилмайди.

Bild’нинг қайд этишича, фавқулодда ҳолатларда АҚШда ишлаб чиқарилган ва «Бюхел» ҳарбий авиабазасида турган B61 водород бомбалари НАТО билан шартнома бўйича ташланиши мумкин. АҚШнинг қўшимча ядро қуроллари Италия, Бельгия, Туркия ва Нидерландияда жойлашган, деб ёзади газета. Машғулотларда айни пайтда Нидерландия, Бельгия ва Италия қирувчилари қўлланилмоқда.

2019 йил августида АҚШ ўрта ва қисқа масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан расман чиққан эди. Битим ер устига таянадиган ўрта (1000 дан 5500 километргача) ва қисқа (500 дан 1000 километргача) масофали баллистик ва қанотли ракеталарни ишлаб чиқариш, қўллаш ва сақлашни тақиқлайди ҳамда оддий ва ядро ўқли ракеталар учун амал қилади.