Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг Оқолтин туманидаги «Янги Тошкент» маҳалласини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ерда 130 та коттеж таъмирланиб, коммуникация тармоқлари тикланган. Янги маҳалла гузари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кутубхона, спорт мажмуаси, ички йўллар қурилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Аҳоли билан суҳбатлашди.

«Бу ерга келганимда вазият жуда ачинарли эди. Бу менинг уйим, жигарларим, фарзандларим, деб юрагимдан ўтказдим. Пул топиш, ташкил қилиш осон бўлгани йўқ. Худога шукр, ҳаммаси ортда қолди. Бу уйлар сизларга буюрсин. Энди бу ободликни асраб, яхши яшаб, яхши тўйлар қилинглар. Ўзи менинг энг катта мақсадим — ёшларни бахтли кўриш», — деган давлат раҳбари.

Маҳаллада «Нафис либослар» тикувчилик корхонаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда 50 нафардан зиёд хотин-қиз иш бошлаган. Президент улар билан суҳбатлашди. «Хотин-қизларга эътиборни янада кучайтирамиз. Аёлни рози қилолсак, жамиятимиз файзли бўлади, ҳамма режаларимизни амалга ошира оламиз», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Корхона келгуси йили тўлиқ қувватга чиққач, йилига 500 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Уларнинг бир қисмини экспорт қилиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари, шунингдек, оилавий поликлиникага кириб, соғлиқни сақлаш ходимлари билан ҳам суҳбатлашган.