UzAuto Motors Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан автомобиль ишлаб чиқарувчисига қарши ишни кўриб чиқишда чиқарилган хулосаларни қатъиян рад этди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, бу ҳақда «Ўзавтосаноат" матбуот хизмати баёнотида айтилган.

Фото: «Дарё»

9 октябрь куни UzAuto Motors компаниясининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) махсус комиссиясининг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги шикоятини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд жараёни видеосини бу ерда томоша қилиш мумкин.

UzAuto Motors МҚКҚнинг «ушбу ҳолатга тааллуқли бўлмаган ҳужжатлар ва нотўғри ҳисоб-китобларга асосланган» қарорига эътироз билдирмоқчи.

Бўлиб ўтаётган жараённи шарҳлар экан, UzAuto Motors юридик бўлими раҳбари Рустам Шаймардонов қуйидагиларни таъкидлаган:

«Текширувга жалб қилинган МҚКҚ экспертларининг салоҳиятсизлиги мижозлар базамизнинг бир қисми кўнгли совишига олиб келганидан афсусдамиз. Оммавий майдонда эълон қилинган шошилинч популистик баёнотлар ўн минглаб одамлар томонидан давлат кафолати сифатида қабул қилинди, тартибга солувчининг қарори устидан судда эътироз билдириш мумкинлиги борасидаги изоҳ эса кўп ҳолда эътиборсиз қолди. Натижада қўмитанинг масъулиятсизлик билан қилган хатти-ҳаракати орқали расмий шахслар баёнотига бўлган ишончга путур етди».

8 октябрь куни UzAuto Motors МҚКҚ даъволарининг деярли ҳар бир пункти бўйича ўз позициясини эълон қилди.

«Мижозлар манфаатларига содиқ қолиш UzAuto Motors’нинг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда, аммо бу ҳеч кимга уни кимнингдир сиёсий амбициялари учун суиистеъмол қилиш ҳуқуқини бермайди. Компания мақсади — МҚКҚ тавсияларига амал қилган ҳолда энг йирик миллий корхоналардан бирини банкротликка олиб келишнинг ҳалокатли сценарийси амалга оширилишининг олдини олиш. Аслида, қарийб бир триллион сўмни давлат бюджетига ўтказиш ўрнига, уни карантин даврида янги автомашиналар сотиб олган бир неча ўн минглаб одамлар орасида тақсимлашга мажбур қилишмоқда», — дейилади хабарда.

UzAuto Motors МҚКҚ томонидан юборилган ходимларни нопрофессионалликда айблаб, уларнинг айбловларини бемаъни деб атади. Компания пандемия ва иқтисодий инқироз даврида ўзининг юз минглаб ходимлари ва шерикларини даромад билан таъминлаётган улкан заводни зарарга киритишга уриниш қанчалик ҳақли ва ўринли, дея савол берган.

Компаниядагиларнинг фикрича, завод халқ хўжалигининг ёндош тармоқлари, жумладан, илм-фан, кимё, металлургия ва бошқа соҳалар учун локомотив вазифасини ўтайди.

UzAuto Motors мижозлари манфаатларини республиканинг ўттиз тўрт миллионлик аҳолиси эҳтиёжларига сунъий равишда қарама-қарши қўйиш қанчалик зарур? Ишлаб чиқаришни вайрон қилиш баробарида давлат бюджетини мамлакат ижтимоий ҳаёти ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун сув ва ҳаводек зарур бўлган йиллик қарийб беш триллион сўмлик тушумдан маҳрум қилиш қанчалик тўғри?» — дейилади хабарда.

Компаниянинг таъкидлашича, «агар буларнинг бари ҳақиқатан зарур бўлса, ва муқобил ечимга эга бўлмаса, суд шундай қарор қилса», қонун талабларига риоя қилишда давом этади.

«Компаниямиз, ҳеч бўлмаса, тармоқ ва соғлом мантиқни ҳимоя қилиш учун қўлдан келган барча ишни бажарганлигимизни англаган ҳолда, ҳар доимгидек қонун талабларига риоя қилади», — дейилади компания баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, депутат Расул Кушербаевнинг танқидлари ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors АЖга нисбатан иш қўзғатган эди. Қўмита компания томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунни бузиш аломатларини аниқлаган.

Қўмитанинг 2020 йил 19 август куни ўтказилган йиғилишида махсус комиссия томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини асоссиз оширганини тасдиқлаган. Унга кўра, автомобиллар нархи 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширилгани аниқланган.

Мазкур ўрганиш натижалари омма учун эълон қилингач UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор устидан судга шикоят қилишини билдирганди ва кейинроқ компания Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилгани маълум бўлганди.