Беларусь президенти Александр Лукашенко 10 октябрь куни Давлат хавфсизлик қўмитаси тергов ҳибсхонасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва мухолифатнинг қўшма штабининг ҳибсга олинган вакиллари билан учрашди, деб хабар бермоқда «Пул первого» Telegram каналига таяниб «Интерфакс».

Фото: «Пул первого»

У ерда президент қамоқдаги мухолифат вакиллар билан тўрт ярим соат давомида суҳбатлашди. Президентнинг мақсади барчанинг фикрларини тинглаш экани таъкидланган.

Суҳбат мазмуни иштирокчилар томонидан сир тутилган. Вазиятдан хабардор «Пул первого» Telegram канали Лукашенконинг фақат «Кўчада конституцияни ёзолмайсиз» деган сўзларини келтирган.

Маълум қилинишича, учрашувда, бўлиб ўтган сайловларда президентликка даъвогар Виктор Бабарико ва унинг ўғли Эдуард, Конституциявий суд президиумининг аъзоси Лилия Власова, Бабариконинг штаб-квартираси координатори Юрий Воскресенский иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган сайловларни сохталаштириш ҳақидаги маълумотлар фонида норозилик намойишлари бошланди ва ҳалигача давом этмоқда. Намойишчилар Лукашенкони сайловни сохталаштиришда айбламоқда. Сайлов натижаларига кўра, Александр Лукашенко 80 фоиз овоз тўплаган.

Беларусь Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Светлана Тихановская президентлик сайловида 10,1 фоиз овоз тўплаган. Тихановскаянинг ўзи эса мағлубиятини тан олмади ва ўзини «Беларусь халқи томонидан сайланган ягона етакчи» деб атади. Сайловдан икки кун ўтгач Тихановская Литвага чиқиб кетган. Унинг сафдошлари Тихановская ҳукумат босими остида мамлакатдан чиқиб кетганини маълум қилган.

Мухолифат Беларусда янги сайловлар ўтказиш ва конституциявий ислоҳотларни талаб қилмоқда.

Собиқ президентликка номзод Светлана Тихановскаянинг тарафдорлари 18 август куни янги сайловлар ўтказиш орқали мамлакатда ҳокимиятни транзит қилиш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузди. Беларусь бош прокурори Александр Конюкнинг таъкидлашича, Мухолифат Мувофиқлаштириш кенгаши фаолияти конституцияга қарши ва ҳокимиятни қўлга олишга қаратилган.

Кенгашнинг ташкил этилиши муносабати билан Жиноят кодексининг 361-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, унинг доирасида Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг бир нечта вакиллари ҳибсга олинган.