АҚШ Президентлик дебати комиссияси давлат раҳбарлигига номзодлар – Дональд Трамп ва Жо Байденнинг 15 октябрга белгиланган учрашувини бекор қилди. Бу ҳақда The Washington Post’га таяниб, «Корреспондент» хабар қилди.
Қайд этилишича, комиссиянинг бундай қарорга келишига томонларнинг бўлиб ўтадиган дебат формати борасида келиша олмагани сабаб бўлган.
Дебат комиссияси 15 октябрь куни Майамида бўлиб ўтиши керак бўлган иккинчи президентлик дебати онлайн форматда ўтказилишини эълон қилди.
Жо Байденнинг жамоаси дебатда унинг формати қандай бўлишидан қатъи назар иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Ўз навбатида, Трамп онлайн дебатда иштирок этиш учун вақтини сарфламоқчи эмаслигини, бунинг ўрнига ўз кампанияси доирасида бошқа тадбирларга эътибор қаратишини айтди.
Комиссия маълумотларига кўра, томонлар келишмовчиликдан сўнг иккала томон ҳам айтиб ўтилган санага бошқа режаларини эълон қилди.
«Томонлар энди белгиланган санага бошқа режалари борлигини эълон қилди. 15 октябрда ҳеч қандай дебат бўлмайди ва комиссия 22 октябрга белгиланган сўнгги президентлик дебатига тайёргарлик кўришга эътибор қаратади», – дейилади дебат комиссияси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трампда 1 октябрь куни коронавирус аниқланди. АҚШ президенти бир неча кун касалхонада даволанди ва у ердан 5 октябрь куни чиқди. У оғир аҳволдаги бемор сифатида даволангани ҳақида хабар берилди, бироқ Трампнинг ўзи ҳам, уни даволаётган шифокорлар ҳам президент ўзини яхши ҳис қилаётганини билдирган.
Биринчи дебат 29 сентябрь куни бўлиб ўтди. Кўплаб таҳлилчилар дебатни «тарихдаги энг ёмони» дея тавсифлади — номзодлар ўз дастурларига деярли ҳеч қандай эътибор қаратмади, бунинг ўрнига улар доимий равишда бир-бирини ҳақорат қилди ва гапини бўлиб қўйди.