Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 9 октябрь куни Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Бангладеш республикаси элчиси Масуд Маннан билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон—Бангладеш ўртасидаги ҳар томонлама шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уларни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмларини орттириш ҳамда қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини кенгайтиришнинг устувор аҳамияти қайд этилган. Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашув сўнгида вазир элчининг Ўзбекистондаги етти йиллик фаолияти муваффақиятли якунлаганини қайд этиб, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ишига қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган. Масуд Маннан, ўз навбатида, Ўзбекистонда самарали фаолият юритишига яратиб берилган қулай шароитлар учун миннатдорчилик билдирган.