Енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовнинг менежери Али Абдулазиз америкалик яккакурашчи Тони Фергюсонга Ислом Махачев билан жанг қилишни таклиф қилди.

Фото: Getty Images

Аввалроқ Махачевнинг UFC 254 мусобақасидаги рақиби Рафаэл дос Аньосда коронавирус аниқланган ва шу туфайли бразилиялик яккакурашчи жангда иштирок эта олмаслиги маълум бўлганди.

«Тони, нима деб ўйлайсан? Ҳабибга энг яқин одам — Ислом. Дос Аньос сафдан чиқди — уни ўрнини эгаллашни истайсанми? Раҳмат», — дея ёзади Абдулазиз ўз Twitter’ида.

Ислом Махачев айни дамда UFC енгил дивизиони рейтингида 12-ўринни эгаллаб турибди. У сўнгги жангини 2019 йилнинг сентябрида ўтказган ва унда Деви Рамосни мағлуб этганди. Ислом MMA’да жами 19 та жанг ўтказиб, уларнинг 18 тасида ғалаба қозонган ва бир марта мағлубиятга учраган. Спортчи UFC’даги 8 жангининг еттитасини ғалаба билан тугатган.

Махачев ва Фергюсон иштирокидаги барча жангларни бу ерда кўриш мумкин — ҳавола.

Тони Фергюсон MMA’да 29 жанг ўтказиб уларнинг 25 тасида ғалаба қозонган ва тўрт бор мағлубиятга учраган. Сўнгги бор спортчи 2020 йилнинг май ойида Жастин Гэтжига қарши жанг қилиб, нокаутга учраган ва енгил вазн вақтинчалик чемпионлик камарини бой берганди. Тони айни дамда UFC енгил дивизиони рейтингида 3-ўринни ва умумий рейтингда 7-поғонани эгаллаб турибди.