Фарғона водийсидан Тошкент томон ҳаракатланиб келаётган икки автомобиль Қамчиқ довонида йўл четидаги хандаққа тушиб кетди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Фото: ФВВ

Қайд этилишича, 5 октябрь куни соат 19:45 да Тошкент–Ўш халқаро автомобиль йўлининг 251-километрида машина юкхонасига ойна ортилган Isuzu йўл четидаги хандаққа тушиб кетди. Бу ҳодиса Тошкент томон йўл олган ҳайдовчининг машина бошқарувини йўқотиши туфайли содир бўлган.

Воқеадан 3 дақиқа ўтиб Mercedes-Benz Sprinter фургони худди шу сабабга кўра, айнан ўша хандаққа тушиб кетди.

Қисқа вақт ичида «Қамчиқ» махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси ходимлари воқеа жойига етиб келган ва махсус техника ёрдамида ҳар иккала машинани хавфсиз ҳудудга олиб чиққан.

Ҳар иккала ҳайдовчига ҳам ЙТҲда тан жароҳати етмагани маълум қилинган.

Аввалроқ Қамчиқ довонида Mercedes-Benz Sprinter фургони ёниб кетгани хабар қилинганди.