Европада 5 октябрь, душанба куни 2020 йилги ёзги трансфер ойнаси ёпилди. «Дарё» дедлайн кунининг сўнгги соатларида амалга оширилган трансферларни ушбу саҳифа орқали ёритиб борди.

Фото: Twitter

«Арсенал» «Атлетико» ярим ҳимоячиси Томас Партини сотиб олди. Лондонликлар футболчининг шартномасида кўрсатилган 50 миллион евро миқдоридаги товон пулини тўлаб берган.

Қарама қарши йўналишда Лукас Торрейра мадридликлар сафига йўл олган. «Атлетико» 24 ёшли уругвайлик футболчини мавсум охиригача ижарага олган.

«Эвертон» ярим ҳимоячиси Тео Улокотт «Саутҳэмптон»га қайтди. «Авлиёлар» ўз тарбияланувчисини бир мавсумга ижарага олган.

Фото: Twitter/@SouthамптонФC

«Барселона» ярим ҳимоячиси Рафинья Алакантара ПСЖ сафига йўл олди. Парижликлар бразилиялик футболчи билан 2023 йилга қадар мўлжалланган битим имзолади.

Шунингдек, каталонлар ҳимоячиси Жан-Клер Тодибо «Бенфика»га йўл олди. Португалияликлар 20 ёшли футболчиси 20 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи билан 2 йилга ижарага олди.

«Милан» ҳимоячи Диего Лаксалтни «Селтик»ка ижарага бериб юборди.

«Манчестер Юнайтед» ПСЖ собқ ҳужумчиси Эдинсон Кавани трансферини эълон қилди. Томонлар «1+1» кўринишидаги шартномани имзолаган.

Фото: Twitter/@ManUtd

«Рома» ҳимоячи Крис Смоллингнинг трансфер ҳуқуқини «Манчестер Юнайтед»дан 15 миллион евро эвазига тўлиқ сотиб олди. Англиялик футболчи Рим клуби билан 2023 йилга қадар мўлжалланган битим тузди.

«Бавария» ярим ҳимоячи Микаэл Кюзиансни «Марсель»га ижарага бериб юборди. «Лидс» тиббий кўригидан ўта олмаган футболчи 2020/21 йилги мавсумни Лига 1 да ўтказади.

Ярим ҳимоячи Хосе Кальехон «Наполи»даги 7 мавсумдан кейин эркин агент мақомида «Фиорентина»га йўл олди.

«Челси» ярим ҳимоячиси Тему Бакаёко ижара асосида «Наполи»га йўл олди. Бельгиялик футболчи 2020/21 йилги мавсумни Неаполда ўтказади.

Фото: Twitter/@en_sscnapoli

«Севилья» бир йўла икки футболчи трансферини эълон қилди. АЗ ярим ҳимоячиси Уссама Идрисси билан 2025 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзоланган. Шунингдек, испан клуби «Ҳерта» ҳимоячиси Карим Рекик билан ҳам беш йиллик битим имзолади.

«Манчестер Юнайтед» жамоаси «Порту» ҳимоячиси Алекс Теллес трансферини эълон қилди. Теллес билан «4+1» кўринишидаги битим имзоланган. Аввалроқ 27 ёшли чап қанот ҳимоячи трансфери 20 миллион еврога баҳоланаётгани хабар қилинганди.

«Ювентус» «Фиорентина» ярим ҳимоячиси Федерико Кьезани сотиб олиш мажбурияти билан икки йилга ижарага олди. Хабар қилинишича, икки йиллик ижара туринликларга 10 миллион еврога айланади, трансфер ҳуқуқини қўлга киритиш эса 40 миллионгача боради.

«Арсенал» Маттео Гендузини мавсум охиригача «Ҳерта»га ижарага берди. 21 ёшли футболчи немис клубида 8-рақамда ўйнайди.

Фото: Twitter

«Бавария» учинчи трансферни эълон қилди. Жамоа 10 миллион евро эвазига «Марсель»нинг 28 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Буна Саррни сотиб олди. Футболчи билан 2024 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзоланди.

«Рома» яна бир ярим ҳимоячи Диего Пероттини «Фенербаҳче»га сотиб юборди. Аргентиналик футболчи турк клуби билан «2+1» кўринишидаги шартнома имзолаган.

«Лейпциг» ярим ҳимоячи Жастин Клювертни «Рома»дан ижарага олди. 21 ёшли футболчи янги жамоасида 21-рақам остида тўп суради.

Фото: Twitter

«Ювентус» ҳимоячиси Маттиа де Шилёни «Лион»га бир мавсумга ижарага берди. 27 ёшли футболчи 2020/21 йилги мавсумни Францияда ўтказади.

«Бавария» ПСЖ собиқ ярим ҳимоячиси Эрик Шупо-Мотинг билан 2021 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган шартнома имзолади. Мюнхенликлар сафига эркин агент мақомида келган футболчи янги жамоасида 13-рақам остида ҳаракат қилади.

Шунингдек, «Бавария» «Ювентус»дан Дуглас Костани бир мавсумга ижарага олди.

Фото: Twitter/@FCБайерн

«Тоттенҳэм»нинг 20 ёшли ярим ҳимоячиси Райан Сесенён фаолиятини «Ҳоффенҳайм»да давом эттиради. Немис клуби футболчини бир мавсумга ижарага олди. У янги жамоасида 17-рақам остида ҳаракат қилади.

Фото: Twitter/@tsghoffenheim

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!