Uzbekistan Airways ҳозирда лоукостер (чипта баҳоси арзон) авиакомпанияни ташкил этишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда компания бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов 5 октябрь куни Монополияга қарши курашиш қўмитасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

«Ҳа, биз миллий авиакомпания қошида лоукостер ташкил этишни режалаштирган эдик. Аммо режаларимизни қайта кўриб чиқиб, лоукостерни ташкил этмай туришга қарор қилдик. Биз Uzbekistan Airways авиакомпаниясини ривожлантириш бўйича стратегияни ишлаб чиққанмиз, унда ҳам лоукостерларни ташкил этиш режаси йўқ», — деди Умид Ҳусанов.

Ўзбекистонда лоукостерлар ташкил этилиши мумкинлиги ҳақидаги дастлабки гап-сўзлар 2018 йил бошида, Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 52 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири носоз автобусда тириклайин ёниб кетганидан сўнг кўтарилган эди. Ўшанда Умид Ҳусанов бундай авиакомпания 2018 йил охиригача ташкил этилиши, унда Тошкентдан Москвага 100 долларга учиб бориш мумкин бўлишини таъкидлаб ўтган эди.

2020 йил бошида бош вазир Абдулла Арипов Humo Air авиакомпанияси ташкил этилишини эълон қилганди. Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, 2020 йилда ташкил этилиши керак бўлган бу авиакомпания «аввалига республика ичида паст нархда мунтазам авиарейсларни» амалга ошириши керак эди. Кейинчалик «Махсус авиация хизматлари» авиакомпанияси ихтиёридаги 43 та Ан-2 самолётлари Humo Air’га берилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Шунингдек, 2020 йилги Давлат дастурига бешта янги авиакомпания ташкил этиш ҳам киритилган эди. Умуман, мамлакатда авиакомпаниялар сони кўпайиши ҳақида 2018 йилда бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, 2020 йилда бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, транспорт вазири Элёр Ғаниев ҳам гапирган. Бироқ амалда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports ва Uzbekistan Helicopters’га бўлишдан бошқа иш бўлмади.