Италиянинг «Женоа» клуби ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов трансферини эълон қилди.

Фото: Twitter/@GenoaCFC

Шомуродов генуяликлар клуби билан 2024 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган шартнома имзолади.

Аввалроқ «Женоа» Шомуродов трансфери учун бонуслар билан бирга ҳисоблаганда 9 миллион евро сарфлаши, Элдорнинг янги жамоасидаги маоши йилига 600-700 минг еврони ташкил этиши хабар қилинганди.

Шомуродов янги жамоасида А Серия 4-туридан ўрин олган 19 октябрь кунги «Верона»га қарши ўйиндаёқ дебют қилиши мумкин. «Женоа» айни дамда 3 очко билан 13-ўринда бормоқда. Аввалроқ, жамоанинг бир неча футболчисида коронавирус аниқлангани сабаб генуяликларнинг А Серия 3-тури доирасида «Торино»га қарши ўйини қолдирилганди.

Маълумот учун, 25 ёшли футболчи «Машъал» академияси тарбияланувчиси ҳисобланиб, «Бунёдкор» ва «Ростов» сафида ҳаракат қилган. Элдор ростовликлар жамоасида 2017 йилдан бери тўп тепиб келарди. Мазкур вақт мобайнида у 91 ўйинда майдонга тушиб, 18 та гол урди ва 12 та голли узатма амалга оширди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!