«Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Фармонга мувофиқ, жисмоний шахслар тегишли сертификатлар мавжуд бўлганда қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар ва Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини республика ҳудудидан ташқарига божхона декларациясини тўлдирган ҳолда чекловларсиз олиб чиқиши мумкин.

Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги тугатилиб, Марказий банкда Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати ташкил этилди.

Шунингдек, биржа савдоларида сотиладиган қимматбаҳо металларни республика ҳудудларига етказиб бериш механизми жорий этилади.

Аввал Марказий банк раиси Мамаризо Нурматов яқин кунларда олтин ва кумуш тангалар яна муомалага чиқарилиши ҳақида маълум қилганди.