Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Тарихда сўнгги салиб юриши дея ҳисобланган Никополь жанги 1396 йилнинг 25 сентябрь куни Усмонли империяси ҳамда Венгрия бошлиқ Европа салибчиларини бир-бирига қарама-қарши қўйди. Жанг якунида Усмонли империяси ғалаба қозонди ва Болқондаги ўзининг позициясини мустаҳкамлади, Болқонда ислом дини тарқалишига тамал тошларини қўйди. «Дарё» сана муносабати билан қуйидаги мақолада жанг тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Салиб юришига тайёргарлик

1394 йилда Болгариянинг вақтинчалик пойтахти бўлган Никополь шаҳри турк аскарлари томонидан эгалланди ва Усмонли давлатига қўшиб олинди. Бунинг ортидан Венгрия қироллиги ва Усмонли ўртасидаги тампон давлатлар Усмонли таркибига кирди ва икки буюк давлат ўзаро қўшни бўлиб қолди.

Бу орада Венеция ўзига қарашли Далмация ва Морадаги колониялари, шунингдек, савдо учун фойдаланадиган портларини туркларнинг қўлига тушиб қолишидан хавфсираётган эди. Агар шундай бўлган тақдирда, унинг Адриатика, Эгей ва Иони денгизларидаги ҳукмронлигига чек қўйилиши мумкин эди.

Женоаликлар эса Усмонлининг бўғозлар ва Дунай дарёсидаги ҳукмронликни қўлга олиши уларнинг Қораденгиздаги порт шаҳарлари бўлган Каффа, Амасра ва Синопга таҳдид солишидан, шунингдек, Истанбул қаршисидаги Галатанинг ҳам қўлдан кетиши мумкинлигидан хавфсираётган эди.

1394 йилда папаликда ҳамон қўш ҳокимиятчилик ҳукм сурмоқда эди. Бир папа Франциянинг Авинён шаҳрида, иккинчи папа эса Римда эди. Авинёндаги папа туркларга қарши бир салиб юриши режаси борлигини эълон қилди. Бу пайтга келиб ўзаро урушда бўлган Франция ва Англия ўртасида тинчлик сулҳи имзоланган бўлиб, тарихда юз йиллик уруш дея номланган урушда тинчлик даври ҳукмрон эди. Англия қироли Ричард II ва Франция қироли Карл VI юриш харажатлари хусусида келишиб ҳам олган эди.

Константинополдаги ҳукмронлик учун курашда палеологларга қарши Кантакузинлар Усмонлидан икки марта – 1346- ва 1356 йилларда ёрдам сўради. Иккинчи юриш чоғида Босфордан кечиб ўтишни истамаган Усмонли Туркияда қолишга қарор қилди ва Тракия Усмонли мулкига айланди. Шу тариқа Болгария ва Сербия вассал давлатга айланди. Шундай шароитда Византия императори Мануэль II Палеолог ва Можаристон (Венгрия) қироли Сигизмонд I Папа Бонифацийдан туркларни Босфордан қувиб юбориш мақсадида салиб юриши уюштириш учун ёрдам сўрайди.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Қўшинлар сони ва таркиби

Салибчилар

Қўшинлар сони бўйича турли хил фаразлар мавжуд. Бу борадаги энг юқори рақамлар тахминан 100 минг кишини ташкил қилади. Аммо айрим воқеа жойини бориб ўрганган тарихчилар бундай рақамлар ҳақиқатдан йироқ эканини, аскарларнинг ҳақиқий сони 9 мингдан 16 минггачани ташкил қилганини қайд этган (Hans Delbruck, History of the Art of War, t. 3 : “Medieval Warfare”, 1983).

Салибчилар қўшинига қуйидаги қўмондонлар ва қироллар қўмондонлик қилган: Венгрия қироли Сигизмонд I, Бургундия графи Қўрқмас Жан ва у билан келган бир қатор француз графликлари графлари, Валахия шаҳзодаси Мирча I, Стефан Лакович хорват вице-қироли, Косово ҳокими Вук Бранкович, Видин подшолиги шоҳи Иван Срацимир. Салибчиларнинг бирлашган кучларига Сигизмонд I қўмондонлик қилди.

Усмонли

Усмонли қўшинлари баъзи манбаларда 60-80 минг атрофида деб берилса, юқоридаги сабабдан унинг сонини 15–25 минг орасида деб ҳисоблайдиган тарихчилар ҳам бор. Усмонли қўшинига жангда Султон Боязид Йилдирим қўмондонлик қилди. Ушбу жангда Усмонли тарафда туриб Сербия қироли, шу билан бирга, Йилдирим Боязиднинг қайноғаси бўлган Стефан Лазаревич ҳам бирга жанг қилди. Сабаби, Сербия Усмонли қўл остида эди.

Жангга тайёргарлик ва унинг бориши

Салибчилар даставвал Будапештда жанг олиб боришни режа қилган эди. Аммо охирида Дунай дарёси бўйи танланди. Бу ерда Никополь қалъаси атрофига келиб ўрнашган салибчилар Усмонли султони Боязиднинг уларнинг келишидан хабари йўқлигига амин эди. Хабар олган тақдирда ҳам бундай узоқ қалъага етиб келиши имконсиз деб ўйланди ва қалъани қамал қилиб тураверилди.

Бу пайтда Усмонли султони Боязид салибчиларнинг юришларидан яхшигина хабардор эди. Чунки 1395 йили Константинополни қамал қилиб турган пайтда, унинг айғоқчилари мазкур хабарни олиб келди ва Мануэлнинг Йилдирим Боязид салибчилар юришидан хабар топгани ҳақидаги мактубини ҳам қўлга киритди. Шу тариқа Йилдирим Боязид салибчиларнинг ҳаракатларидан хабардор бўлиб турди.

Фото: Google Photos

Фото: Google Photos

Салибчилар Будапештда экан, Йилдирим Эвранос Бей бошлиқ акинжиларни қўшин учун қароргоҳ тайёрлаш учун жўнатган эди. Византияликлар эса қамалдан чиқиб Дунайга етиб боролмади. 24 сентябрь куни Усмонли қўшини Никополь қалъасидан бир неча километр узоқликда тўхтади. Тунда етиб келган Йилдирим Боязид қалъа деворларига қадар яқинлашиб, қалъа қўмондони Доған Бейга тонггача бардош бериб чидаб туришини амр қилди.

Йилдирим Боязид Эдирнедан Дунай бўйидаги Никиполь қалъасигача 24 соатда етиб келгани тарихчилар томонидан қайд этилди. Исмига мос шаклда келасолиб, девонни тўплаб жанг маслаҳатини қилди. 25 сентябрь куни Усмонли акинжилари салибчилар қўшинига шиддат билан ҳужумлар қилиб уларни саросимага солиб қўйди. Саросимага тушган салибчилар тарқалиб кетди. Асосий зарбани Боязид қўмондонлигидаги қўшин берди.

Салибчиларнинг энг йирик қўмондонлари ҳалок бўлди, кўплари асир олинди. Салибчиларнинг жангга келиш пайтида ўтган ҳар ерда мусулмонлар ва ҳатто проваславларни ўлдиргани хабарини эшитган Йилдирим қаттиқ ғазабланди. Майдонда қозиқлар қоқилиб, ушбу қозиқдан узун бўлган барча асирлар ўлдирилди. Бу Усмонлининг илк давридаги асирлар ўлдирилган ягона жанг эди. Фақат салибчилар таркибидаги болалар тирик қолдирилди ва мусулмон қилиб тарбиялаш учун турк оилларига берилди. Оиласи борлар фидя эвазига қўйиб юборилди.

Ушбу жанг натижасида Усмонлининг Болқонда енгилмаслиги аён бўлди. Жангдан сўнг Усмонли акинжилари Можаристон ичкарисигача кириб бориб, катта ғаниматлар билан қайтди. Видин подшоҳлиги тугатилди ва шу тариқа Болгар қироллиги батамом якунланди.

Шунингдек, Никополь жанги XVI–XVIII асрларда давом этган Усмонли-Венгрия урушларининг дебочаси бўлиб хизмат қилди. Ушбу жангдаги мағлубият ғарбий Европа монархлари учун салиб юришларининг сўнггиси бўлди. Фақатгина Франция Константинополга баъзи ёрдамларни бериб келди. Константинополнинг Фотиҳ Султон Меҳметхон томонидан эгалланишидан кейин болқон халқлари Усмонлига қарши ўзлари кураш олиб боришига тўғри келди.

Кейинчалик, 1402 йилги Анқара жангидан кейин улар енголмаган Йилдиримни мағлуб этганини билдириб Амир Темур Европа қиролларига мактублар юборди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
“Тез ёрдам машинаси 5 йилда икки бараварга кўпайди, битта чақирув дориси 640 сўмдан 7,5 минг сўмга ошди”. “Дарё” тиббиётдаги ўзгаришларни Наманган вилояти мисолида...
Спорт
Бундеслига. “Боруссия Д” ўз майдонида рақибини тор-мор этди 
Шоу-бизнес
Instagram: Аэропортда дабдаба билан кутиб олинган Liil Хуррамов, қўшиқ куйлаган Абдуҳошим Исмоилов, янги раққосаларни кашф этаётган Юлдуз Усмонова