Коронавирус билан касалланиш тўлқинини баҳолашда касаллар ва соғайганлар сонининг нисбатидан келиб чиқиш керак. Бу ҳақда Олий иқтисодиёт мактаби миллий тадқиқот университетининг Соғлиқни сақлаш иқтисодиёти институти директори Лариса Поповичга таяниб, «РБК» хабар берди.
«Бу борадаги энг муҳим нарса — касаллик аниқланганлар ва шифохонадан жавоб берилганлар ўртасидаги фарқ. Мана, Москвада соғайганлар сони шифохонага ётқизилган ва касаллик аниқланганлар сонидан барқарор равишда ошмоқда. Бу жуда яхши динамика. Кўплаб минтақаларда соғайганлар сони қайта аниқланганлар сонидан кам», — дейди Попович.
Унинг таъкидлашича, шу сабабли кузда коронавирус билан касалланиш ҳолатининг ортаётганини «иккинчи тўлқин» деб атаб бўлмайди. Поповичнинг сўзларига кўра, ҳар бир ҳудуд вазиятни ўзича баҳоламоқда. «Россияда бу ҳақда гапириш жуда қийин, чунки биринчи тўлқин деган нарсанинг ўзи тугамади. Бизда вазият қайсидир онда яхшиланган бўлса, қайсидир пайт ёмонлашди, шунинг учун Россия статистикасида бу каби терминлардан фойдаланмаган бўлардим», — дейди эксперт.
Вирусолог Анатолий Альтштейннинг айтишича, Россияда COVID-19 билан касалланиш бўйича айрим кўтарилишлар кузатилган, бироқ уни янги тўлқин деб атаб бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекциясининг биринчи тўлқини ҳали тугамаган.
Аввалроқ Москвада июнь охиридан бери биринчи бор коронавирус билан суткалик касалланиш ҳолати минг кишидан ошгани, Москва мэри Сергей Собянин 65 ёшдан ошган ва сурункали касаллиги бор фуқаролардан 28 сентябрдан бошлаб масофадан туриб ишлашга ёки нафақага чиқишга чақиргани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)