Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Наргиза Нуриллаева чақалоқларга ва ҳомиладорлик давридаги аёлларга гриппга қарши вакцина қилиш масаласига аниқлик киритиб ўтди.

Скриншот: UzReport

«6 ойликдан кичик болаларга гриппга қарши вакцина қўлланилмайди. Аммо ушбу ёшдаги болаларда бошқа ёшдаги болаларга нисбатан грипп асоратлари хавфи юқори ҳисобланади. Бу ёшдаги болаларни ҳимоялашнинг энг самарали усули бу боланинг оила аъзоларини касалликка қарши эмлаш ҳисобланади»,— дейди мутахассис.

Шунингдек, Нуриллаева ҳомиладорлик даврида ҳомила ривожланишидаги ўзгаришлар гриппга қарши эмлаш билан боғлиқ эмаслиги, аксинча бу грипп касаллиги билан боғлиқ бўлишини таъкидлади. Фаоллаштирилмаган вакциналар билан гриппга қарши эмлаш ҳомиладорликни режалаштириш жараёнида, бундан ташқари ҳомиладорликнинг маълум муддатларида амалга оширилиши мумкинлиги айтилди. Ушбу муддатни шифокор акушер-гинеколог белгилайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коронавирусга чалинган аҳволи оғир ёки ўта оғир ҳомиладорлар муддатига қарамай туғдирилиши кераклиги, ҳомиладорларнинг иситмаси кўтарилса, у COVID-19 билан касалланган ёки касалланмаганидан қатъи назар стационарга юборилиши шартлиги, Ўзбекистонда туғруқхонага келаётган ҳомиладор аёллардан тест топшириб келиш талаб этилмаслиги, коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар учун қандай шароитлар яратилгани, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов эмизикли оналар коронавирусга чалинган бўлса, фарзандини қандай эмизиши борасида аниқлик киритиб ўтгани ҳақидаги хабарлар ҳам берилган эди.