Австралиянинг Тасмания штати Стран шаҳарчасида соҳилга чиқиб қолган юзлаб қора дельфинларни (гриндлар) қутқариш бўйича кенг кўламли операциялар ўтказила бошланди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар қилди.

Фото: EPA

Тасмания денгиз ҳайвонларини асраш дастури вакиллари Стран яқинидаги соҳилга 270 га яқин гриндлар чиқиб қолганини билдирган. Дастур иштирокчилари қутқарув операциясини бошлаб юборган. Биолог Крис Кальйон соҳилга чиқиб қолган дельфинларнинг чорак қисми ҳалок бўлганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, денгиз ҳайвонлари дельфинлар аввал ҳам соҳилга чиқиб қолган, аммо бу сафарги вазият олимлар ҳали тажрибада дуч келмаган оғир ҳолатни юзага келтирган.

Қутқарув операцияларида 60 га яқин киши – кўнгиллилар, полициячилар, маҳаллий балиқчилик хўжаликларининг ходимлари, шунингдек, Тасмания ёввойи табиатни асраш ва хиёбонлар хавфсизлиги хизмати вакиллари иштирок этмоқда. Гриндларни қутқариш ишларига бир неча кун кетиши мумкин, аммо экспертлар дельфинларнинг бунча узоқ давр қуруқликда қолиши мушкул эканини қайд этган. Ҳозирча дельфинларнинг ўзини қирғоққа отишига нима сабаб бўлгани борасида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, дейилади CNN хабарида.

Қутқарувчилар дуч келган яна бир муаммо ҳалок бўлган дельфинларнинг жасадлари. Кальйоннинг айтишича, одатда, балиқларнинг танаси қирғоқда қолади, бироқ соҳил яқинида пляж борлиги ва одамларнинг у ерда ҳордиқ чиқариши бу борадаги вазиятни чигаллаштирмоқда. Айни вақтда ҳодиса содир бўлган соҳил дам олувчилар учун ёпиб қўйилган.

Тасмания – дельфинлар ўзини ўзи қирғоққа отиб ҳалок қиладиган Австралиядаги ягона штат, шунингдек, бу ерда бошқа денгиз жониворлари ҳам соҳилга чиқиб қолиб нобуд бўлади. Австралия хом ашё соҳалари, парклар, сув ресурслари ва атроф-муҳит департаменти ахбороти бўйича, бу каби ҳолатлар тўда бўлиб ҳаёт кечирувчи сув ҳайвонларида учрайди. Гриндлардан ташқари кашалотлар ва дельфинларнинг бошқа бир тури—  афалиналарда ҳам оммавий равишда ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари кузатилади.