Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ўрганиш илмий маркази ташкил этилади. Бу ҳақда 2020–2021 йилларда Иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни тиклаш ва давом эттириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»да белгиланган.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти негизида Ўзбекистонда Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ўрганиш илмий марказини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Бажариш муддати этиб 2020 йил октябрь, ижро учун масъуллар сифатида Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти белгиланган. Бюджет маблағлари лойиҳани молиялаштириш манбаси сифатида қайд этилган.

Таъкидланишича, бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда камбағалликни қисқартириш масаласида илмий-услубий ва илмий-тадқиқот ишлари базаси такомиллаштирилиб, туман (шаҳар) миқёсида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш назарда тутилади.