Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 18 февралда қабул қилинган, Сенат томонидан 28 февралда маъқулланган ва Президент томонидан 13 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун кучга киргани ҳақида хабар қилинган эди. Бу жараён қандай кечади, ўзбек тилини билиш даражаси қандай аниқланади каби саволларга Ўзбекистон Республикаси ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори Низомиддин Маҳмудов жавоб берди.
«Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонини ўтказиш ва давлат намунасидаги малака сертификатини бериш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (ТошДЎТАУ) ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ёки унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилиши қарор лойиҳасида қайд этилган.
Мазкур имтиҳон талабгорнинг доимий яшаш жойи бўйича ҳудудий марказида ўтказилиб, давлат тилини билишга қўйиладиган минимал талаблар асосида тест шаклида амалга оширилади. Тест синови Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчилар иштирокида ўтказилади. Тест саволлари сони 20 та бўлиб, 30 дақиқа вақт берилади. Тест синови якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам (15 баллдан кам) балл олган талабгор ўтмаган деб ҳисобланади ва қайта қатнашиш учун тест синовлари ўтказилган кундан бошлаб камида бир ойдан кейин белгиланган тартибда ариза билан мурожаат қилиб, тўлов қилгандагина тест синовларига қўйилади», — дейди Низомиддин Маҳмудов.
Таъкидланишича, ўзбек тилини билиш нутқий, лингвистик, ва матнни тушуниш компетенциялари каби даражалар билан белгиланади. Бу бўйича Адлия вазирлиги ҳузурида аттестация комиссиялари тузилмоқда.
Шунингдек, мазкур масала бўйича Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилиниб, жойлардаги ҳокимлик ва ташкилотларнинг раҳбарларига тил масалалари билан боғлиқ маслаҳатчи тайинланиши белгиланган.
Изоҳ (0)