Германия россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийдан олинган лаборатория тадқиқотлари намуналари натижаларини Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотига (ОPCW) топширди, деб хабар беради Der Standard.
Германия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Берлин ушбу маълумотларни тўғридан-тўғри Россияга бериш ниятида эмас, чунки Россия шундоқ ҳам ОPCW аъзоси ҳисобланади.
Ўз навбатида, Германия Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Мартин Фицнинг таъкидлашича, «ҳозирда керак бўлган маълумот Германияда эмас, балки Россияда мавжуд».
Аввалроқ Навальнийни заҳарлаган кишилар уни самолётда ўлдиришни мақсад қилгани, сиёсатчи омадли тасодифлар занжири сабаб омон қолгани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрь куни Германия ҳукумати Навальний Россияда «Новичок»га ўхшаш модда билан заҳарланганини маълум қилган. Сиёсатчи даволанаётган «Шарите» клиникаси шифокорларининг сўровига биноан ўтказилган тестлар натижаларидан шундай хулосага келинган.Германия канцлери Ангела Меркель Россия ҳукумати Навальний заҳарланиши билан боғлиқ жиддий саволларга жавоб бериши кераклигини айтди. Мухолиф сиёсатчига қилинган суиқасд Буюк Британия, АҚШ ва Францияни ҳам ғазаблантирди. Лондон Навальнийга нисбатан кимёвий қурол қўлланилишини «аблаҳона иш» деб атади. Вашингтон айбдорларга нисбатан молиявий чекловлар қўллашга ваъда берди.
Изоҳ (0)