«Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Паҳлавон Маҳмуднинг ҳаёти ҳақида «Афсонадаги ҳақиқат» номли бадиий фильм ҳамда Хоразм вилоятининг сўнгги беш йилдаги ривожланиш тарихи ҳақидаги ҳужжатли фильм суратга олиниши режалаштирилмоқда.
Паҳлавон Маҳмуд — улуғ шоир ва мутафаккир. У 1247 йил Хивада туғилган. Афсона ва ривоятларда уни кураги ерга тегмаган паҳлавон, шу билан бирга, пўстиндўз ва телпакдўз уста бўлганлиги тасвирланади. Паҳлавон Маҳмуд «Канзул ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар хазинаси») номли маснавий ҳамда кўплаб рубоийлар яратган. Шоир ўз рубоийларини форс-тожик тилида ёзган.
«Ўзбеккино» МА таркибида тузилган ишчи гуруҳ Паҳлавон Маҳмуд ҳақида бадиий фильм ҳамда ҳужжатли фильмни суратга олиш ишларини бошлаш учун воҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганиб, Хоразм вилоятидаги диққатга сазовор жойларни кўришди. Бугунги кунда намунавий талабларга жавоб берадиган тарзда реконструкция қилинаётган «Худойберган Девонов» кинотеатри фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Тез кунларда мазкур кинотеатрнинг очилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Бадиий фильмда Хоразм воҳасининг ўзига хос қадимий урф-одатларини кўрсатиб бериш билан бир қаторда ўша даврга хос миллий кийим-кечаклар, қурол-аслаҳалар базаси акс эттирилади. Паҳлавон Маҳмуд ҳаётини кўрсатиш билан бирга, минг асрлардан буён ўз тарихини сақлаб қола олган кўҳна Хива билан боғлиқ миллий ва қадимий обидалар, юрт бағрида етишиб чиққан файласуфлар ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.
Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги бадиий фильм постановкачи режиссёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳамидулла Ҳасанов, сценарий муаллифлари Анвар Эргашев, Юлия Медведовская ва Жасур Маҳмудов, постановкачи оператор Ҳабибулла Ҳасанов, рассом Ниғмат Жўраев.
Ҳозирда фильмларнинг суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. Премьера 2021 йилнинг сентябрь ойида намойиш этилиши кўзда тутилган.