Ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайдиган фильмлар мавжуд – улардан бири «Жазда фақат қизлар» комедияси. Картина 1959 йил америкалик маҳоратли режиссёр Билли Уайлдер томонидан суратга олинган. Фильм 1951 йилги «Севги фанфари» ва 1931 йилги Американинг «Жамоатчилик душмани» кинолари сюжети билан яқин.
«Жазда фақат қизлар» – босқинчилар тортишувига гувоҳ бўлган икки мусиқачи Тони Кёртис ва Жек Леммон ҳақида ҳикоя қилади. Таъқибчилардан яширинишга уриниб, аёллар ансамблига қўшилади ва улар каби кўринишга ҳаракат қилади. Бироқ тез орада улардан бири ўз ҳамкасбига ошиқ бўлади, иккинчиси эса кекса миллионернинг муҳаббатига сазовор бўлади.
Ушбу комедия кўп жиҳатдан кино санъатида катта ўзгариш ясади. Биринчидан, 50 йилларда гангстерларни комедия мавзуси сифатида кўриш одати бўлмаган. Иккинчидан, сценарийда ёзилган очиқ ҳазиллар ўша пайтдаги кино томошабинлари томонидан қабул қилиниши мумкин эмас эди. Учинчидан, яқин муносабатлар мавзуси Голливуд фильмаларининг диққат марказида бўлмаган.
Бетакрор Мерилин Монро жуда иқтидорли бўлмаса-да, инжиқ актриса эди – режиссёр унинг сўзларни тўғри талаффуз этиши учун 30 дан ортиқ дублда суратга олган. Шунда ҳам, у сўзларни ўқиб бериш билан бунга эришган. Шунингдек, у кўпинча суратга олиш майдончасига кечикиб келар ва пардоз хонасидан чиқишни рад этарди.
Ҳатто фильмни суратга олиш учун Сан Диегодаги Дел Колорадо меҳмонхонаси Мерилин Монрога қулайлик яратиш мақсадида танланган. Буларнинг сабаби актриса суратга олиш жараёнида ҳомиладор бўлган. Шуниндек, уни одатдагидек бироз тўлачароқ кўриниши туфайли иккита дублёрдан фойдаланилган, кейинчалик уларга Монронинг боши монтаж қилинган. Ҳаттоки актриса диалогларни матнга қараб ўқиб берганини фильмда унинг кўзлари қаторлар бўйлаб ҳаракатланаётганидан ҳам сезиш мумкин.
Картина устида ишлаш мобайнида Мерилин Монро психологик инқирозни бошдан кечиради. Шунинг учун ҳам фильм устида олиб борилган ишлар чўзилиб кетади. Фильм продюсери деярли 1 миллион доллар ортиқча маблағ сарфлашига тўғри келади. Бироқ Монро томонидан куйланган «Мен сени севишни хоҳлайман» қўшиғи кино тарихидаги энг яхши фильм мусиқасидан бирига айланди ва сарфланган харажат бир неча бора ўзини қоплади.
Актриса дастлаб унга берилган ролга истар-истамас рози бўлган ва олдиндан фильмдаги ижронинг 10 фоиз миқдорида тўлов олгандан кейингина суратга тушишга киришган.
Ўз навбатида Тони Кёртис ва Жек Леммон маҳоратли актёр бўлганлиги учун ҳам уларга аёл образида намоён бўлиш қийин бўлмаган. Шунингдек, улар қиёфасидаги кўплаб топилмаларни ўзлари киритган.
Тони Кёртис миллиардерни тасвирлайдиган эпизодда у режиссёрнинг ғоясига кўра, машҳур акйтор – Кери Грантга тақлид қилган. Айтганча, «Жазда фақат қизлар» фильми ҳам ранг-баранг бўлиши мумкин эди, аммо бош қаҳрамонларнинг пардоз-андози туфайли уни оқ-қора тарзда суратга олишга қарор қилинган. Фильм дунёдаги энг буюк кино асарлари рўйхатига киритилган ва энг яхши Америка комедияси деб тан олинган. Шунингдек, ушбу фильмдаги кўплаб иборалар оммавий маданиятнинг бир қисмига айланиб кетган.