Малика Будур нафис гўзаллиги билан «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» фильми орқали барчанинг ёдида қолган. Аммо рол ижрочиси ким, унинг тақдири ва бошқа фильмдаги ижролари ҳақида жамоатчиликка ҳеч нарса маълум эмас. Бунинг ҳам сабаби бор, чунки унинг актрисалик фаолияти бор-йўғи учта ролдан иборат. У сўнгги ролини 30 ёшида ижро этди ва шу билан экранларда бошқа кўриниш бермади.
Малика Будур – Додо Чоговадзенинг отаси грузин, онаси эса рус миллатига мансуб бўлиб, икки миллат гўзаллиги акс этган актриса 1951 йил дунёга келди. Унинг илк роли «Кичкина рицар» фильмидаги бош қаҳрамон образи бўлди. Кейинчалик актриса Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» асари асосида суратга олинаётган фильмда бош қаҳрамон ролига таклиф этилди, афсуски, образ 13 ёшли Додонинг ёшига мос келмади ва уни рад этишга мажбур бўлди.
Орадан бир йил ўтиб, Додони «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» фильмига таклиф қилишди, эндигина 14 ёшга кирган актриса ҳақиқий ёшини яшириб, ўзини бир йилга каттароқ кўрсатди ва кинода суратга туша бошлади. Ёш актриса фильмдаги айрим саҳналарни амалга оширишга қийналгани учун узоқ вақт режиссёр Борис Рицаревдан дарс олар эди.
Қиз узоқ вақт сирини сақлай олмади, айнан суратга олиш жараёнида 15 ёшга тўлган қизнинг ҳамкасблари ва ижодий гуруҳ Додони 16 ёши билан табриклайди. Лекин Додонинг виждони қийналиб, йиғлаб юборди ва қочиб кетди. Сўнгра суратга олиш майдончасига қайтиб, ўзининг ёшини қўшиб айтганини тан олди ва суратга олиш гуруҳининг кулгисига сабаб бўлди.
«Мен суратга олиш давомида кўп йиғлаганман. Масалан, йиқилиб тушганимда, режиссёр соғлигимдан хавотир олиб, дублёр тайинлаган, − дейди актриса. − Дастлаб бунинг сабабини тушунмаганман, кейинчалик ўрнимга бошқа актрисани қўймоқчи бўлганини билганман. Шунингдек, кулгили ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Биз устимиздаги либослар ва гримларга суратга олиш жараёни тугамагунча тегмас эдик. Фильмда қандай кўринишда бўлсак, шундай ҳолда Ялта кўчаларида егулик еб юрар эдик».
Фильм актрисага катта шон-шуҳрат келтирди. Режиссёр Борис Рицарев ёш актриса билан яна ҳамкорликда ишлаш ниятида «Сув париси» ва «Аэлита» фильм сценарийларини ёздирди. Аммо сценарий муаллифи Александр Червинско сиёсий масала билан қамоққа олинди ва суратга олиш ишлари ҳам тўхтатилди.
Додо 23 ёшида мусиқачи ва хонанда Давид Шушанинга турмушга чиқди ва уларнинг бир қизи бор. Шундан сўнг у 30 ёшида «Осмонда, тунги алвастилар» фильмида суратга тушди ва шу билан кинодаги фаолиятини якунлади.
69 ёшга кирган Додо Чоговадзе ҳозирда Тбилисида яшайди, у Театр университетида саҳна ҳаракат кафедрасида мураббий бўлиб ишлайди. Актрисани катта фильм ҳақидаги орзулари ҳамон тарк этмаган. У ўйнаган ролларини мамнуният билан ёдга олади, режиссёрлар томонидан эса узоқ вақтдан бери таклиф тушмаган.