Москва суди актёр Михаил Ефремовни охири ўлим билан якунланган йўл-транспорт ҳодисасида айбдор деб топди ва 8 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Бундан ташқари, суд Ефремовдан бахтсиз ҳодисада вафот этган Сергей Захаровнинг катта ўғлига товон пули сифатида 800 000 минг рубль (10 464 доллар) ундириб берди. Шунингдек, Ефремов уч йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилди.
Актёр суд биносининг ўзида ҳибсга олинган. Маълумотларга кўра, у суд қарорига ҳеч қандай муносабат билдирмаган ва қарорни ҳеч қандай ўзгаришсиз тинглаган. Жабрланган томон ҳам, ҳимоячи ҳам суд ҳукми устидан ҳеч қандай шикоят қилмаган.
Прокуратура Ефремовни умумий тартибдаги колонияда 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. Ишни кўриб чиқиш вақтида оқловчи гувоҳлар Александр Кобец, Андрей Гаев ва Теван Бадасянни топган ва улар Ефремов ҳодиса вақтида йўловчи ўриндиғида бўлганини маълум қилган. Бироқ суд уларнинг кўрсатмасини қабул қилмаган, чунки уларнинг сўзлари тасдиқланмаган ва тўпланган далилларга зид деб қарор қилинган.
Тергов маълумотларига кўра, 2020 йил 8 июнь куни Ефремовнинг машинаси «Садовой» ҳалқасида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, бошқа машина билан тўқнашган. Ҳайдовчи кейинчалик касалхонада вафот этган. Экспертиза натижалари шуни кўрсатдики, воқеа содир бўлган пайтда актёр маст бўлган ва унинг қонидан гиёҳванд моддалари асорати ҳам топилган.
Экспертиза хулосаларига кўра, ҳайдовчининг хавфсизлик ёстиқчасида автоҳалокат пайтида фаоллашган тер ва бактерия ҳужайралари топилган. ДНК хулосасига кўра, улар Ефремовга тегишли бўлган. Бу эса тўқнашув пайтида машинани Ефремов бошқарганини билдиради.
Адвокат Элман Пашаев актёрнинг хотирасини тиклаш учун даволанишга юборишини сўради. Воқеа содир бўлганидан кейин Михаил Ефремов ўз айбини тан олган, аммо кейинчалик сўзларидан қайтган. Суд ишидаги сўнгги учрашувда актёр яна айбига иқрор бўлди, аммо прокурор сўраган муддатни «ўлим билан баробар» деди.
«Бу ваҳшийлик, албатта, чунки озодликни кўргунча умрим тугашидан қўрқаман. Бу ўлим жазосига тенг», − деди актёр.