Ленинград блокадаси – салкам уч йил давом этган ҳарбий қамал бўлиб, ҳозирги Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган. Қамал Иккинчи жаҳон уруши даврида Мовий дивизион вакиллари – немис, фин ва испан қўшинлари томонидан шаҳарни эгаллаш ва уни йўқ қилиш мақсадида амалга оширилган эди. «Дарё» ушбу тарихий қамал ҳақида ҳикоя қилади.
Ленинград жангидан аввал немис аскарлари кўплаб йўлларни босиб ўтди ва ниҳоят, 1941 йилнинг 5 сентябрь санасида Ленинградни тўлақонли эгаллаб олишди ва уни бутун мамлакатдан узиб қўйишди. 871 кун давом этган қамал бошлангач, Ленинград билан алоқалар фақатгина икки йўл орқали – Ладога кўли ва ҳаво орқали сақланиб қолди.
Шаҳар эгаллаб олингандан сўнг озиқ-овқат ва ёқилғи тақчиллиги бошланди. Ленинградга кириб-чиқиш фақатгина Ладога кўли орқали бўлгани сабабли ташқарига кемада чиқиш мумкин эди холос, унинг устига кўл атрофида душман денгиз кучлари изғиб юрар эди. Ушбу транспорт артериясининг қуввати шаҳар эҳтиёжларини қондириш учун етмади ва натижада Ленинград кенг кўламли очарчиликка дучор бўлди. Қишга келиб муаммо сони яна биттага ортди – иссиқлик. Ушбу муаммолар янада оғирлашиб, 100 минглаб аҳолининг ёстиғини қуритди.
Германиянинг СССРга ҳужуми – «Барбаросса» операцияси
1940 йилнинг 18 декабрида Гитлер «Барбаросса» операцияси деб номланган 21-директивани имзолади. Ушбу режада учта асосий йўналиш бўйича СССРга уч гуруҳ қўшинлари томонидан ҳужум қилиш назарда тутилган эди: «Шимол» гуруҳи Ленинградга, «Марказ» Москвага ва «Жануб» Киевга.Ленинград СССРнинг 3,2 миллион аҳолисини ўзига сиғдирган муҳимлиги бўйича иккинчи шаҳар эди. Ленинград у пайтларда илмий-техник жиҳатдан бошқа шаҳарларга нисбатан анча юксалган эди, қолаверса, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳалари ҳам ривожланган эди.
Ленинградни эгаллаб олиш билан немис қўмондонлари бир қатор муҳим вазифаларни ҳал қилишлари мумкин эди:- Урушгача бутун иттифоқ саноат ишлаб чиқаришининг 12 фоиз ташкил қилган Совет Иттифоқининг қудратли иқтисодий базасини эгаллаб олиш;
- Болтиқ денгиз флотини, шу билан бирга улкан савдо флотини қўлга киритиш ёки йўқ қилиш;
- Москвага ҳужум уюштирган «Марказ» ҳарбий гуруҳи учун чап қанотни таъминлаш ва «Шимол»нинг катта кучларини енгиллаштириш;
- Болтиқ денгизидаги устунлигини мустаҳкамлаш ва Германия саноатини Норвегия портлари орқали руда етказиб бериш билан таъминлаш;
Бу орада 17 июнь куни Финляндиянинг бутун армиясини сафарбар қилиниши тўғрисида фармон чиқди ва 20 июнда сафарбар қилинган армия Совер-Финляндия чегарасида тўпланди. Шундан сўнг финлар ҳам жангга қўшилди. Финларнинг СССРга қарши юриши биринчи бўлиб 29 июнь куни қуруқликдаги ҳужум орқали бошланди.
Ленинград учун кураш: жангчилар Ленинградга кириб борди
1941 йилнинг 22 июнида Германия СССРга ҳужум уюштирди. Бу кунда Ленинград шаҳри ва вилоятида, бошқа кўплаб шаҳарлар каби ҳарбий (фавқулодда) ҳолат эълон қилинди. Ленинград ҳарбий-округ қўмондони генерал-лейтенант Попов Луга ҳудудида Псков йўналишида қўшимча мудофаа чизиғини яратиш бўйича буйруқ олди. Ленинградга, асосан, ҳимояланиш учун қалъалар қуришга катта ишчи кучи керак бўлди. Муддатли ҳарбий хизматга 16 ёшдан 50 ёшгача бўлган эркаклар ва 16 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар жалб қилинди.Ишли аҳоли ўз ишидан сўнг жамоат ишларида уч соат, ишсизлар эса саккиз соат ишлаши мажбурий қилиб белгиланди. Қурилиш ишлари етти кун кетма-кет иш сўнг тўрт кун дам олиш кунлари шаклида ўтказилди. Мудофаа иншоотлари Ленинград яқинига ҳам, ичига ҳам қурилган. 1941 йилнинг 20 август ҳолатига кўра, Ленинградда 814 минг кишига мўлжалланган бомбадан ҳимояловчи ва 672 минг кишилик 336 та чизиқли қувур-хандақлар мавжуд эди. Бу билан бир вақтда 65 минг кишини ўз бағрига сиғдира оладиган яна 383 та бошпана барпо этилаётган эди.
12 июль куни навбатдаги немис бўлинмалари Луга ҳудудига етиб борди, у ерда эса немислар ҳужуми кечиктирилди. Чарчаган ҳарбий гуруҳ Ленинград томон озгина олдинга юрди холос. Руслар ушбу тўхталишдан фойдаланиб, оз бўлса-да тайёргарлик кўриб олди. Германиянинг ҳужуми бир неча ҳафтага чўзилди. Шаҳар қўлга киритилмагач, Гитлер ушбу тўхталишлардан норози бўлди. У сентябрдан кечиктирмасдан Ленинградни босиб олиш режасини тайёрлаш учун «Шимол» ҳарбий гуруҳига махсус ташриф уюштирди.
Гитлер ва ҳарбийларнинг кўплаб муҳокамаларидан сўнг немис аскарлари қайта йиғилди ва Катта Сабскда илгари эгаллаб олинган пласедармдан бошлаб Красногвардейс йўналиши бўйича ҳужумлар бошлашди. Бир неча кундан сўнг Луга мудофааси ёриб ўтилди. 15 августда немислар Новгородни, 20 август –Чудовни, 30 август эса немис қўшинлари Мга қишлоқчасини босиб олиб, Ленинградни мамлакат билан боғлайдиган сўнгги темир йўлни ҳам кесиб ташлашди.
«Шимол» гуруҳи буйруқ олди. Унга кўра, шаҳарни узук каби қуршаб олиш ва бунда кучларни авайлаш зарур эди. Бу орада эса финлар армияси СССРга қарши жанг бошлаб юборган эди. Улар ҳам Ленинград учун жангга қўшилиб, немис қўшинларига ёрдам берди. Иккала қўшиннинг биргаликдаги юриши сентябрь бошига тўғри келади. Унда Гитлер буйруғига асосан совет қўшинларини 15 сентябрдан кечиктирмасдан Ленинград вилоятида қуршаб олишлари ва «Марказ»га ўзининг механизациялашга жангариларини ва авиациясини тақдим этилиши керак эди.
8 сентябрь куни «Шимол» ҳарбийлари Шлиссербургни босиб олди, бу шаҳарни назорат қилиш билан Ленинградни қуруқликдаги алоқаларини бутунлай узиш мумкин эди. Шимол томондан финляндиялик аскарлар шаҳарни қуршаб олди, шу кундан бошлаб 872 кунлик қамал бошланди. Босиб олинган ҳудудларнинг умумий майдони беш минг кв км эди. «Қамал узуги» ичига Болтиқ флоти, Ленинград фронтининг аксар қисми ва кўплаб оддий аҳоли кирган эди. Қўшинлар ва шаҳарнинг барча тинч аҳолисини қўшиб ҳисоблаганда 2,5 миллиондан ортиқроқ киши блокадада бўлган. Ленинград осмонида энди эркинлик булутлари йўқ эди, барча темир йўл, дарё ва автомобиль алоқалари узилган. Бошқа шаҳарлар билан алоқалар фақатгина ҳаво ва Ладога кўли орқали қаттиқ назорат билан бўлаётган эди.
10 сентябрда Гитлернинг 15 та кўчма бўлинмани «Марказ»га ўтказиш тўғрисидаги буйруғига бўйсунмасдан Фон Лееб Ленинградга ҳужум бошлаб юборади. Натижа кутилганидек бўлди – шаҳар атрофидаги совет қўшинлари мудофааси бузилди. Қамалда ўтган 872 кун эса алоҳида бир мавзу, уни бу ерда шунчаки ёзиб ўтишнинг иложи йўқ.
Миржалол Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)