Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган масжидлар сони яна биттага кўпайиб, 2073 тага етди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси хабар берди.
Маълум қилинишича, янги масжид Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Қизилсой» маҳалласи, Буюк ипак йўли кўчаси, 40-уйда фаолият олиб боради. Мазкур масжид номи Ҳазрати Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу номларига қўйилган.
Маълумот учун, Муоз ибн Жабал масжиди очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 226 тага етиб, мамлакат бўйича Самарқанд вилоятидан кейин масжиди кўп ҳудудга айланган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир ой давомида мамлакатдаги масжидлар сони 3 тага кўпайди. Аввалроқ Сурхондарё ва Тошкент вилоятида янги масжид очилгани маълум қилинганди.
Шу билан бирга, Самарқандда 7,5 минг намозхонга мўлжалланган вилоятдаги энг катта масжид қуриб битказилгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)