Профессионал бокснинг супер енгил вазн (63,5 кг) тоифасида рингга чиқаётган Ботир Аҳмедов (7-1, 6 КО) ўзининг навбатдаги жангини 6 сентябрь, якшанба куни ўтказади.
Ботухон Гўзгеч номи билан машҳур боксчи профессионал рингдаги 8-жангида филиппинлик Рей Пересга (24-11, 8 КО) қарши жанг қилади. Мазкур жанг ғолиби WBA Regular камари учун асосий даъвогарга айланади. Тўқнашув 10 раунддан иборат бўлади.
Қайд этиш жоиз, Аҳмедов фаолиятидаги илк мағлубиятини 2019 йил 28 сентябрда Марио Барриосга (25-0, 16 КО) қарши жангда қабул қилиб олганди.
Таъкидлаш ўринли, Аҳмедов 1990 йил 20 декабрда Ўзбекистонда туғилган. У 2010 йилларда Украина ва Туркия бокс терма жамоалари шарафини ҳимоя қилган. 2017 йилдан эътиборан эса профессионал боксда фаолият олиб бормоқда. Боксчи учта давлат — Россия, Украина, Туркия фуқаролигига эга.
Аҳмедов 2016 йил Риода ўтган Олимпиада ўйинларида -64 кг вазн тоифасида Туркия номидан қатнашган ва чорак финал баҳсида германиялик Артём Арутюнянга мағлуб бўлган. Эслатиб ўтамиз, ушбу вазн тоифасида олтин медал финалда озарбайжонлик Лоренцо Сотомаёрни мағлуб этган, ўзбекистонлик Фазлиддин Ғоибназаровга насиб этганди.
Маълумот учун, Ботир Аҳмедов ҳаракат қилаётган профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида ўзбекистонлик яна икки боксчи бор. Булар — Шаҳрам Ғиёсов ва Шоҳжаҳон Эргашев. WBA рейтингида ушбу боксчилар кетма-кетликда жойлашган: Ботир Аҳмедов — 5-ўринда, Шаҳрам Ғиёсов — 6-ўринда, Шоҳжаҳон Эргашев эса 7-поғонадан ўрин олган.
Ушбу боксчилар ижросидаги барча жангларни бу ерда томоша қилиш мумкин → ҲАВОЛА.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)