Тожикистоннинг барча шаҳарлари ва туманларида коронавирус инфекцияси сабабли Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказиладиган анъанавий оммавий тадбирлар 2020 йилда ташкил қилинмайди. Бу ҳақда Asia Plus хабар берди.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

Нашрнинг ёзишича, Душанбе шаҳридаги Наврўзгоҳ хиёбонида 9 сентябрь куни тожикистонлик машҳур санъаткорлар иштирокида ташкил қилинадиган анъанавий тадбир ўтказилмайди.

Таъкидланишича, 2020 йилда пандемия билан боғлиқ вазият жойларда оммавий йиғилишлар ва сайлларни чеклашни талаб қилмоқда.

Ташкилот ва муассасаларда байрам нишонланган тақдирда санитария меъёрларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Тожикистон 9 сентябрь куни ўз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлайди.

Шу пайтга қадар Тожикистонда 8346 кишида коронавирус аниқланган, касаллик қурбонлари сони 67 кишига етган, 7142 киши касалликдан тузалишга муваффақ бўлган. 1000 нафардан ортиқ бемор уй шароитида даволанмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам Мустақилликнинг 29 йиллик байрами катта йиғин ва сайилларсиз ўтади, байрам оила даврасида нишонланади. Байрам арафасида ўзбекистонликлар кетма-кет 3 кун дам олади.