Молия вазири Тимур Ишметов Давлат бюджетининг 2020 йилнинг 1-ярим йиллигидаги ижроси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида маъруза қилди. Бу ҳақда вазирлик хабар бермоқда.

Марузада таъкидланишича, 2020 йилнинг 27—28 апрель кунлари кучли шамол таъсирида Бухоро вилоятида зарар кўрган аҳоли ва иқтисодий-инфратузилма объектларига 164 миллиард сўм ажратилган.

Шунингдек, Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабрланган аҳолини қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш харажатларига жами 1,5 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиш белгиланган. Шундан 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида 500 миллиард сўм йўналтирилган.

Аввалроқ Сардобадаги сув тошқинидан зарар кўрган уйларни таъмирлашга салкам 30 миллиард сўм сарфлангани маълум қилинганди.