Луис Суарес ортидан Лионель Месси ҳам «Барселона»ни тарк этиши кутилмоқда. Уругвайлик футболчидан клуб воз кечган бўлса, аргентиналик даҳо клубдан воз кечди. Испаниянинг энг оғир «вазнли» нашрларидан саналмиш Marca’нинг ёзишича, футболчи келаётган дам олиш кунлари жамоа машғулотларида қатнашмайди ва коронавирус учун тест топширишдан бош тортади. Қуйида Лионель Мессининг ҳолати билан боғлиқ энг сўнгги (ишончли) маълумотлар ҳавола этилади.

Фото: Ла Лига

Матбуот «Бавария»дан учралган мағлубиятдан сўнг

Аргентиналик футболчининг фаолиятидаги энг йирик мағлубиятдан сўнг испан матбуоти 33 ёшли футболчининг «Барселона»дан кетишни истаётгани ҳақида бонг ура бошлади. Мессининг кетишига асосий сабаб дея клубда тайинли спорт лойиҳасининг йўқлиги кўрсатилмоқда. Бу ҳақида биринчи бўлиб, 2017 йилнинг ёзида Неймарнинг ПСЖга ўтиши ҳақида ёзган Марсело Бехлер эълон қилди.

Эртаси кунига эса Marca Мессининг «Барселона» билан янги шартнома (амалдагиси келаси йил ёзда ўз ниҳоясига етади) имзоламоқчи эмаслиги ҳақидаги хабарни эълон қилди.

Рональд Куман бош мураббий этиб тайинлангач, нидерландиялик мутахассис Месси томон хушомадларни ёғдиришни бошлади. Хусусан, у Месси билан ишлаш ҳар қандай мураббийга завқ бағишлашини айтди:

Мессини клубда қолишга кўндиришимга тўғри келадими, йўқми билмайман. У дунёнинг энг яхши ўйинчиси ва сиз ҳар доим жамоангизда энг яхши футболчи бўлишни хоҳлайсиз. Бу ерда бошқа изоҳ йўқ.

Шахсан мен Месси билан ишлашни хоҳлаган бўлардим, у била бирга ишлаш ҳар қандай мураббийга завқ бағишлайди. У жамоанинг ғалабаларида муҳим ўрин тутади. Агар у қолишни истаса, мен жуда хурсанд бўламан.

Унинг клуб билан шартномаси бор, лекин албатта, у билан гаплашиб олишимиз керак. Биз барча ўйинчилар билан суҳбатлашмоқчимиз. Умид қиламанки, Месси яна узоқ йиллар клубда қолади.

Мессини клубда қолишга кўндиришнинг имкони бўлмади. RAC1 нашрининг хабар беришича, Месси Куманга клубдан кетиш ниятида эканини айтган. Mundo Deportivo газетаси эса «Барселона» Мессини фақат 700 миллион долларгагина сотишини маълум қилди.

Таъкидланишича, айнан шу сумма аргентиналикнинг шартномасида товон пули сифатида кўрсатилган. Бартомеу эса Лионелнинг сотилишига қатъий қаршилик билдирмоқда. Клубдагилар эса ҳамон Мессининг клубни тарк этмаслигига ишонмоқда. Бундан ташқари, у билан кўплаб реклама шартномалари имзоланган, улар йўқотилган тақдирда эса «кўк-анорранглилар» яхшигина зарар кўради.

Месси бориши мумкин бўлган клублар

Айни дамда футболчига Европанинг бир нечта гранд клублари қизиқиш билдирмоқда. Булар: «Манчестер Сити», ПСЖ ва «Интер».

Барселонада чоп этиладиган Mundo Deportivo газетаси, ҳатто ПСЖ ва «Интер» вакиллари Мессининг отаси билан боғланиб, воқеалар ривожи билан қизиққани хақида хабар тарқатди. Парижликлар аллақачон Лео билан қандай шартнома имзолаш мумкинлигини ва шу билан бирга УЕФА санкцияларини ҳам четлаб ўтишни режалаштириб қўйган.

ПСЖ бош мураббийи Томас Тухель эса Месси борасидаги миш-мишларга қуйидагича изоҳ берди:

Уни ПСЖ сафида кўришдан жуда хурсанд бўлардик. Қайси мураббий Месси билан ишлашни рад этади? Аммо у фаолиятини «Барселона»да якунлайди деб ўйлайман. Чунки, у жаноб «Барселона».

Милан клуби томонидан билдирилган қизиқишлар ҳақида гап кетар экан, унда «Интер» собиқ хўжайини Массимо Мораттининг сўзларини келтириш жоиз:

Шуни айтишим керакки, «Интер» Мессини сотиб олишга уриниб кўрган. Ва ўйлашимча, улар бунга яна уриниб кўради. Шубҳасиз, бу молиявий жиҳатдан одатий трансфер бўлмайди. Аммо бу ерда энг катта тўсиқ — Мессини Миланга келишга кўндириш. У ҳақиқатан ҳам «Барса»дан кетишни хоҳлаётганини аниқ билиш лозим. Мен бунга амин эмасман.

Афсонавий футболчи учун яна бир (асосий) даъвогар бу — Пеп Гвардиола бошқарувидаги «Манчестер Сити» бўлиб турибди. Таъкидланишича, ҳатто Гвардиола ва Месси бу борада музокара ҳам ўтказишга улгурган.

Воқеалар ривожининг уч варианти

Ҳозирга қадар испан матбуоти Лионель Мессининг келажаги ҳақидаги миш-мишларни тарқатишдан толмаяпти ва ҳали бери бу масала ёпилмайдиган кўринади. Шундай экан ҳозирча воқеалар ривожининг учта эҳтимолий сценарийси тақдим этилади:

I.

Месси «Барселона» билан шартномани якунлайди ва ўзи учун янги клуб излай бошлайди. Ушбу сценарий бошқаларига нисбатан энг қийини бўлади. Боиси клуб раҳбарияти футболчининг бу тарзда кетишига қарши бўлади ва албатта, уни судга беради (бироқ икки томон ҳам буни хоҳламайди). Бартомеу Неймарни ортга қайтара олмагач, Мессиниг раҳбарият бўлган тўлалигича йўқолиб бўлган.

II.

Месси бир йилдан сўнг (шартномаси тугагач) клубни тарк этади. Агар у жорий ёзда амалдаги шартномасини узайтирмаса, унда қишдаёқ бошқа жамоалар билан музокара олиб бориши мумкин бўлади.

III.

Томонлар муросага келади: Месси «Барселона» билан шартномасини узайтиришга рози бўлади, бироқ у қисқа муддатли бўлади.