Ижтимоий тармоқда «Бойсунда автомашина портлаб кетди» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалди. ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати тарқалган видео юзасидан расмий маълумот берди.
Маълум бўлишича, видеодаги воқеа 12 август куни соат 19:05 ларда Сурхондарё вилояти, Бойсун туманининг «Инкабод» маҳалласи ҳудудидан ўтган 4Р-105 автомобиль йўлининг 33-километрида юз берган. 1981 йилда туғилган ҳайдовчи У.Х. «Жигули» («Ваз-2107») автомобилига 6 та пропан газ тўлдирилган баллонларни ортиб, Денов—Бойсун йўналиши бўйлаб бошқариб кетаётган бўлган.
Автомашина салонида сигарет туташиш мақсадида олов ёққан вақтида чақнаш содир бўлиб, ёнғин юзага келган. Ҳайдовчи автомашинани тўхтатиб, олд ўриндиқда ўтирган ўғли 2011 йилда туғилган Д.И.ни куйиш тан жароҳатлари билан салон ичидан олиб чиққан. Транспорт воситаси ёнғин оқибатида тўлиқ зарарланган.
Жабрланган 9 ёшли бола 30-35 фоиз куйиш тан жароҳатлари билан туман шошилинч тез тиббий бўлимига ётқизилган. Тиббий муолажалар кўрсатилишига қарамай, 14 август куни вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти, Бойсун туман ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)