Гонконг университети тадқиқотчилари коронавирусни қайта юқтириб олиш бўйича дастлабки ҳолат тасдиқлангани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда The New York Times хабар берган.

Фото: Global Look Press

33 ёшли эркакда у COVID-19’га чалиниб, касалликдан тузалганидан тўрт ярим ой вақт ўтиб яна инфекция юқтириб олиш ҳолати кузатилган. Бемор биринчи марта коронавирус инфекциясига чалинганида унда касалликнинг енгил белгилари кузатилган, ҳозирда ушбу аломатлар ҳам мавжуд эмас.

Олимларнинг фикрича, такрорий инфекция эркак Испаниядан қайтганидан кейин янги вирус томонидан қўзғатилган. Вирус геноми текширилганида коронавируснинг иккинчи штамми биринчисидан фарқли экани ва июль—август ойларида Европада тарқалган штаммга ўхшаш экани аниқланган.

Аввал АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг шифокорлари коронавирус билан қайта касалланган беморлар учраётгани ҳақида маълум қилган, лекин Гонконг университети олимларининг тадқиқотига қадар бу ҳолатлар расман ўз илмий тасдиғини топмай келаётганди.