Тошкент шаҳар Юнусобод туманида 24 август, душанба куни собиқ ИИББ ходими маст ҳолатда машина бошқариб, онаси билан йўлни кесиб ўтаётган икки ёшли болани уриб кетди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, 24 август куни, тахминан, соат 01:10 да Юнусобод тумани Юнусота кўчасида Cobalt автомобили ҳайдовчиси 31 ёшли Т.А. пиёдаларнинг тартибга солинмаган ўтиш жойидан онаси билан ўтаётган ёш болани уриб юборган. ЙТҲ оқибатида икки ёшли Т.Ч. тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Хабарга кўра, ЙТҲ содир этган ҳайдовчи Тошкент шаҳар ИИББ собиқ ходими бўлиб, шаҳодатлаш комиссиясидан ўтмагач, раҳбариятнинг буйруғи асосида 2020 йилнинг 20 август куни ички ишлар органларидан бўшатилган.

Тиббий экспертиза хулосасига кўра, ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсири остида бўлган ва пиёдаларни кўрмай қолган.

Мазкур ҳолат бўйича Юнусобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.