Коронавирусга қарши курашиш штаби Наргиза Нуруллаева коронавирусдан даволанаётган беморларда қанд миқдорининг ошиши масаласига изоҳ бериб ўтди. Жумладан, мутахассис «Дексаметазон», «Аскорбинка» укол, «Азитромицин» ва қон суюлтирувчи уколдан иборат даволаш муолажалари вақтида қонда қанд миқдори ошиши эҳтимоли хусусидаги саволга тўхталиб ўтган.

Нуруллаева «Дексаметазон» гормони COVID-19’га чалинган, кислород терапия ва ўпка вентиляциясига муҳтож беморлар орасида ўлим кўрсаткичини камайтириши, шу билан бирга, гормонлар ёрдамида даволаш глюкоза алмашинувининг бузилишига олиб келишини таъкидлаган.

COVID-19 инсулинга резистентликни оширади ва инсулин ишлаб чиқарилишини камайтиради, бу эса гипергликемияга олиб келиши мумкин. ‘Дексаметазон’ қабул қилишни тўхтатгандан сўнг гликемия ҳолати нормал ҳолатга қайтиши мумкин, бундай ҳолатларда диабет учун махсус даво талаб этилмайди. Аммо ҳар учинчи беморда диабет ривожланиш хавфини ҳисобга олган ҳолда яшаш жойи бўйича терапевт шифокорни ҳар йили гликирланган гемоглобин таҳлили ўтказилиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантириш зарур. Қандли диабети мавжуд бўлган беморлар эса шифохонадан чиққанларидан сўнг эндокринолог шифокор назоратида бўлишлари керак. Шу билан бирга ‘Аскорбинка’ ва ‘Азитромицин’ қанд алмашинувига таъсир этмайди.

Наргиза Нуруллаева, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Калифорния университети мутахассислари қандли диабети бор коронавирусга чалинган беморлар бошқа беморларга қараганда олти маротаба кўпроқ шифохонага мурожаат қилмоқда ва улар 12 баробар кўпроқ COVID-19 қурбонига айланаётганини маълум қилинган эди.