Ҳужумчи Лионель Месси шу ёздаёқ «Барселона»ни тарк этмоқчи, дея хабар қилмоқда Esporte Interativo журналисти Марсело Бехлер.
Манбада таъкидланишича, ҳужумчи ўз қарори борасида раҳбариятни огоҳлантирган ва амалдаги шартномаси тугагунга қадар (2021 йилнинг ёзи) кутиб турмоқчи эмас.
«Барселона» тизимида фаолият олиб борувчи манбанинг Esporte Interativo’га айтишича, Месси клубни тарк этишга ҳеч қачон бу қадар дадил киришмаган. Клубда ғалабаларга етакловчи аниқ режанинг йўқлиги бунга сабаб қилиб кўрсатилган.
Таъкидлаш жоиз, Бехлер Барселонада яшайди ва ишлайди. Айнан у 2017 йилда Неймарнинг ПСЖга ўтиши ҳақида хабар қилганди.
Mundo Deportivo мазкур хабар юзасидан каталон клуби ва футболчининг яқинлари билан боғланган. Клубдагилар футболчидан ҳеч қандай хат олинмаганини таъкидлаб, ушбу хабарни инкор этган. Мессининг атрофидаги одамлар ушбу маълумотларни тасдиқламаган.
Аввалроқ Месси «Интер» офиси яқинидаги тумандан уй сотиб олгани хабар қилинганди. Миланликлар футболчи 260 миллион евролик 4 йиллик шартнома таклиф қилишга тайёр.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)