Журналист Бобомурод Абдуллаев Бишкекда Ўзбекистон томонининг сўровига кўра 1993 йил 2 январда имзоланган «Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги Минск конвенциясига мувофиқ ҳибсга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси хабар қилди.

Фото: «24.kg»

Қирғизистоннинг «24.kg» нашри 10 август, душанба куни журналистнинг қўлга олингани ҳақида хабар қилган ва Абдуллаев Қирғизистон давлат хавфсизлик қўмитаси томонидан 8 августда ҳибсга олингани ҳақида маълумот берганди.

«Ҳозирда уни Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиш масаласи ҳал қилинмоқда», — дейилади Бош прокуратура баёнотида.

«24.kg»нинг аниқлик киритишича, Бишкекдаги Первомайск туман суди 10 августда Абдуллаевни 8 сентябргача қамоқда сақлаш юзасидан қарор қабул қилган.

Журналистнинг Ўзбекистонда қандай жиноят ёки ҳуқуқбузарликни амалга оширгани борасида маълумотлар мавжуд эмас.

11 августда Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Қирғизистон ҳукуматига Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш ва унинг эркин ишлашига шаорит яратиш юзасидан мурожаат йўллаган.

Абдуллаевнинг адвокати Тимур Карабаев CPJ вакилларига журналистнинг Қирғизистонга тўрт ой аввал, февралда Марказий Осиёдаги АҚШ университетида ўқиш учун келгани ва COVID-19 коронавирус пандемияси оқибатида чегаралар ёпилгани туфайли мамлакатда қолиб кетганини айтган.

Amnesty International Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро бирлашмаси (IPHR), Freedom House ва яна бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматига Бобомурод Абдуллаевни экстрадиция қилмаслик юзасидан қўшма баёнот юборган.

2017 йилда Бобомурод Абдуллаев ва яна уч киши Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш жиноятида гумон қилиниб, қамоққа олинган. 2018 йил май ойида суд журналистга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини ушлаб қолиш шарти билан уч йиллик ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ҳақида ҳукм чиқарган, Бобомурод Абдуллаев 221 кун ҳибсда тутиб турилгани инобатга олиниб, бу муҳлат ҳисобдан чиқариб ташланган. Абдуллаев бир йилдан кўпроқ ахлоқ тузатиш ишлари билан банд бўлиши белгиланганди. Қолганлар: Насриддинов, Оллоёров ва Салаев тўлиқ оқланган, суд уларга нисбатан жиноий ишнинг тўхтатилишини белгилаганди.