Беларусдаги президентлик сайловларида иккинчи ўринни эгаллаган Светлана Тихановская Марказий сайлов комиссиясига натижалар юзасидан шикоят киритди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилган.
Тихановская сайлов натижаларини бекор қилиш ва овозларни қайтадан ҳисоблаб чиқиш ёки сайловларни қайтадан ўтказишни талаб қилмоқда, дея вазият бўйича қўшимча маълумот берган «ТАСС».
Беларусь МСК берган охирги маълумотларга кўра, амалдаги президент Александр Лукашенко 80,08 фоиз, Тихановская эса 10,09 фоиз овоз тўплаган. Тихановская сайловнинг сўнгги натижаларини тан олмаяпти.
«Биз протоколларни реал тарзда кўздан кечирдик. Овози ўғирлаб олинган номзодларни ҳам жим турмасликка чақирамиз», — деган номзод аёл.
Аввал Украина президенти Владимир Зеленский Беларусда оммавий норозилик намойишлари билан якунланган президентлик сайловларидан сўнг ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали чиқиш қилгани ва Беларуснинг барча аҳолиси ҳам амалдаги президент Александр Лукашенко сайловларда ғолиб чиққани тўғрисидаги Марказий сайлов комиссияси маълумотларига қўшилмаслигини айтганди. Шунингдек, Беларуснинг яна бир яқин қўшниси ҳисобланувчи Польша норозилик намойишларини қаттиққўллик билан бостирилиши ҳамда ўзбошимчалик билан ҳибсга олинишларни қоралаган. Польша ТИВ Беларусь ҳукуматини вазиятни чигаллаштиришни тўхтатишга ва асосий инсон ҳуқуқларига риоя қилишни бошлашга чақирган.
Беларусда президент сайловлари 9 августда бўлиб ўтди. Дастлабки расмий маълумотларга кўра, унда сўнгги 26 йилдан бери мамлакатга раҳбарлик қилиб келган Александр Лукашенко 80 фоиз овоз билан олдинда бормоқда. Мустақил экзит-пол маълумотлари сайловда Лукашенконинг асосий рақиби — Светлана Тихановская катта устунликка эришганини кўрсатган.
Изоҳ (0)