2019 йилда Чеченистон президент Рамзан Қодиров жами 147,9 миллион Россия рубли миқдорида даромад қилгани ҳақида декларация тўлдирган. Бу ҳақда Meduza хабар қилди.
Бир йил ичида Қодировнинг даромади 20 бараварга ўсган: 2018 йилда у 7,8 миллион рублни декларацияда даромади сифатида қайд этганди. Рамзан Қодировнинг рафиқаси эса 2018 йилда 60 минг рубль даромад қилган ва бир йилдан кейин 2,4 миллион рублга декларация тўлдирган.
2019 йилда Чеченистон раҳбари ихтиёрида 28,4 минг квадрат метр майдонга эга ер пайдо бўлган. Шунингдек, 2018 йилда ҳам Рамзан Қодировга тегишли бўлган 3,6 минг квадрат метр майдон ҳамда 2344 квадрат метрли турар жой уйи ҳам сақланиб турибди.
Қодиров ва унинг рафиқасининг даромад манбалари ҳақидаги маълумотлар декларацияда мавжуд эмас.
2011 йилда Рамзан Қодиров BBC’нинг Россия хизматига интервью вақтида Чеченистоннинг молиялаштириш манбалари ҳақида берилган саволга республика пулларини Аллоҳ бериши ҳақида гапирган: «Пуллар қаердан келишини билмайман», – деган эди Қодиров.