Ливан ҳукумати Байрутдаги портда юз берган катта портлашга бомба ёки бошқа ташқи аралашув воситасида амалга ошгани ҳақидаги тахминлар юзасидан тергов ўтказади. Бу ҳақда мамлакат президенти Мишель Аун маълум қилган, деб ёзмоқда Reuters.
«Портлашга нима сабаб бўлгани ҳали аниқлангани йўқ. Ҳодисага ташқи аралашув — ракета, бомба ёки бошқа ҳаракат сабаб бўлгани ҳақидаги тахмин ҳам мавжуд», — деган Аун.
Шунингдек, Ливан президенти порт ходимларининг ишга совуққонлик билан ёндашиб бир неча йиллар давомида портловчи моддаларни омборда сақлагани, утилизация қилмагани ёки бахтсиз ҳодиса ҳақидаги версиялар ҳам ўрганилишини айтган.
Журналист Элайжа Мане аммиак селитраси қуруқ ва яхши ҳимояланган ерда сақланиши лозимлигини таъкидлаган.
Маненинг фикрича, 2700 тонна селитра сақланган портдаги омбор ҳавони айлантириш қурилмалари ўрнатилмаган металл конструкцияни эслатади. Бундан ташқари омбор деворларида одам сиғадиган даражадаги катта тешиклар пайдо бўлган.
4 август куни омборга ушбу тешикларни ямаш учун чилангар ишчи чақирилган. Маненинг ёзишича чилангарга эҳтиёт чоралари ҳақида айтишмаган ва у портлаш хусусиятига эга моддалар яқинида пайвандлаш ишларини олиб борган. Ишчи таъмирни якунлаганидан кейин, омбордан тутун чиқаётганини пайқаб қолишган.Кучли портлаш оқибатида 154 нафар киши ҳалок бўлган, 5 мингдан зиёд одам турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Қидирув-қутқарув ишлари давом эттираётгани инобатга олинса ушбу рақамлар яна ўзгариши мумкин.
Байрут губернатори Марван Аббуд портлаш шаҳарнинг ярмига талафот етказганини билдирган, 300 нафардан зиёд аҳоли бошпанасиз қолган. Унинг сўзларига кўра, портлаш туфайли шаҳарга етган зарар миқдори 3-5 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин.Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни Байрут бандаргоҳидаги портлаш сабаб Ливан президентига ҳамдардлик билдирган. Байрутда вафот этганлар хотираси учун бутун Ливанда мотам эълон қилинган. Шаҳар губернатори Марвон Аббуд юз берган воқеани Иккинчи Жаҳон уруши вақтида Хиросима ва Нагасакида юз берган атом бомбаси портлашларига тенглаштирган.
Ливан ҳукумати Байрутдаги портда аммиак селитрасини сақлашга алоқадор ходимларнинг айримлари тергов давомида уй қамоғига жойлаштирилганини маълум қилган.