Марк Цукербергнинг бойлиги биринчи марта 100 миллиард доллардан ошди
Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукербергнинг бойлиги биринчи марта 100 миллиард долларни ташкил этди. Bloomberg маълумотларига кўра, TikTok’нинг аналоги бўлган Reels хизматининг тўлиқ ишга туширилиши фонида бу нарса содир бўлган, деб хабар бермоқда Bloomberg’га таяниб «РБК».
Маълумотларга кўра, Цукербергдан ташқари дунёдаги атиги икки киши 100 миллиард доллардан кўпроқ бойликка эга. Булар: Amazon бош директори Жефф Безос (190 миллиард доллар) ва Microsoft асосчиси Билл Гейтс (120 миллиард доллар).
Бироқ Forbes маълумотига кўра, Louis Vuitton Moët Hennessy гуруҳи раҳбари Бернард Арнаулт ва унинг оиласи (104 миллиард доллар) бойлиги бўйича учинчи ўринда турибди. Цукерберг эса тўртинчи ўринда қайд этилган.
Facebook’га тегишли бўлган Instagram 5 август куни 15 сонияли қисқа мусиқий видеоларни яратиш, нашр қилиш ва дўстлар билан бўлишиш имконини берадиган Reels хизматини ишга туширди.
Маълумот учун, Reels Хитойнинг TikTok тармоғига ўхшаш хизмат ҳисобланади.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу мамлакат фуқароларига Хитой хизматига эга компаниялар билан ҳар қандай муомала қилишни тақиқловчи фармонларга имзо чекди. Трамп, TikTok ва WeChat АҚШнинг хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига таҳдид солади, деб ҳисоблайди. Фармонларга кўра, иловалар жосуслик қилишлари ва фойдаланувчи маълумотларини Хитой ҳукуматига етказиши мумкин.
Bloomberg нашрининг таъкидлашича, Microsoft TikTok’ни тўлиқ сотиб олиш учун ByteDance билан музокаралар олиб бораётган эди, лекин Трампнинг мамлакатда бу тармоқни тақиқлаш ниятида эканидан сўнг музокаралар вақтинча тўхтатилди. Аввалроқ, Дональд Трамп, шунингдек, бутун TikTok бизнесини сотиб олиш бўйича таклиф билан чиқди. ByteDance бу ҳақида изоҳ беришдан бош тортди ва компания TikTok’нинг узоқ муддатли муваффақиятига ишонишини айтди.
Bloomberg’нинг ёзишича, 2020 йил йирик технология компаниялари эгаларига катта даромад олишга имкон берди, чунки одамлар коронавирус пандемияси туфайли интернетда кўпроқ вақт сарфлашмоқда. Йил бошидан бери Цукерберг қарийб 22 миллиард доллар, Безос эса 75 миллиард доллардан кўпроқ даромад топган.
Мавзуга доир: