Китоб тумани ҳокимлиги қошида ташкил этилган махсус комиссия қарорига асосан, туманда 2020 йил 3 августдан бошлаб карантин чекловлари юмшатилди. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, туман ҳокимлиги қошида ташкил этилган махсус комиссия қарори билан эртага, 4 августдан бошлаб тумандаги «Қаландартепа» буюм бозори, савдо, маиший хизмат, умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади.

«Аммо, эпидемиянинг қайта тарқалишига имкон бермаслик учун санитария талабларига қатъий риоя қилинади», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Қайд этилишича, туманда фаолиятини қайта тиклаган умумий овқатланиш корхоналари рўйхати шакллантирилади. Рўйхатга киритилмаган тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятига рухсат берилмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоят махсус комиссияси қарори билан жорий қилинган чекловлар 3 августдан бошлаб юмшатилиши, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳудудий махсус комиссия раисларига қатор ваколатлар берилгани ҳақида айтиб ўтганди.