«Челси» клубининг уч нафар футболчиси «Арсенал»га (1:2) қарши кечган Англия Кубоги финалида жароҳат олди.
Лондонликлар сардори Сесар Аспиликуэта биринчи бўлимда жароҳат олди ва кўз ёш тўккан ҳолда майдонни тарк этди. Иккинчи бўлим дебютида эса Кристиан Пулишич сафдан чиқди.
«Кўклар» устози Фрэнк Лэмпарднинг маълум қилишича, ҳар икки футболчи ҳам тизза орти пайларидан жароҳат олган. Футболчилар яқин орада тиббий кўрикдан ўтади.
Шунингдек, Пулишичнинг ўрнига майдонга тушган Педро ҳам ўйин якунланиши арафасида елкасидан жароҳат олди. Дастлабки тахминларга кўра, испаниялик футболчида елка чиқиши кузатилган бўлиши мумкин.
Шу тариқа Аспиликуэта ва Пулишич Европа Чемпионлар Лигаси 1/8 финал жавоб баҳсидан ўрин олган «Бавария»га қарши ўйинда иштирок эта олмайди. Педронинг иштирок этиш масаласи сўроқ остида қолмоқда.
«Бавария» ва «Челси» жамоалари ўртасидаги учрашув 8 август куни Мюнхенда бўлиб ўтади. Дастлабки ўйинда немис клуби 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)