Apple компаниясининг акциялари NASDAQ биржасининг 31 июлдаги савдоларида 7,1 фоизга ошган ва битта акция нархи 412 долларга етган. Технологик компаниянинг қимматли қоғозлари янги тарихий натижани қайд этди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: AP Photo

Apple’нинг капитализация қиймати 1,786 триллион долларни ташкил қилган ва шу тариқа дунёдаги энг қиммат компанияга айланган. Аввалроқ 1,76 триллион доллар капитализация қиймати билан Саудия Арабистонининг Saudi Aramco нефть компанияси дунёдаги энг қиммат компания бўлиб турганди.

Apple’нинг акциялари нархи 2020 йил иккинчи чорагидаги муваффақиятли ҳисобот фонида ўсмоқда. Компания даромадлар ва акцияларнинг даромади бўйича таҳлилчилар прогнозларидан юқорироқ натижага эришди.

2020 йилда Apple’нинг акциялари инвесторларнинг компания истиқболи бўйича ижобий қарашлари фонида 32 фоизга қимматлашди. Шу вақтда Saudi Aramco’нинг аскиялари нефть нархи тушгани сабабли 5,5 фоизга арзонлашди.