Ўзбекистонда 2017 йилда 11 йиллик таълим тизимига ўтилиши қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари камайишига сабаб бўлган, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонда вояга етмаган қизлар ўртасидаги эрта туғруқ ҳолатлари таҳлил қилинганда, 2017 йилдан бошлаб 11 йиллик умумтаълим тизимига ўтилиши билан эрта туғруқ ҳолатларининг сони пасайиши кузатилган. Мисол учун, 2016–2017 йиллар давомида 15-17 ёшдаги қизлар ўртасида жами 429 туғруқ ҳолати қайд этилган бўлса, 2018–2019 йиллар давомида ушбу кўрсаткич 34 фоизга камайиб, 284 тани ташкил қилган.

Буни умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган қизлар сони нисбатига таққослаганда ҳам кўриш мумкин:

  • 2017 йилда Халқ таълими тизимида таҳсил олаётган ҳар 12 995 нафар қизга 1 та туғруқ (умумий қизлар сонига нисбатан 0,0076%);
  • 2018 йилда тизимда таҳсил олаётган ҳар 15 169 нафар қизга 1 та туғруқ (умумий қизлар сонига нисбатан 0,0066%);
  • 2019 йилда тизимда таҳсил олаётган ҳар 23 666 нафар қизга 1 та туғруқ тўғри келган (умумий қизлар сонига нисбатан 0,0042%).

Вазирликнинг таъкидлашича, 11 йиллик таълим тизимининг қайтгани мазкур муаммонинг мамлакат миқёсидаги асосий ечими сифатида баҳолаш мумкин, сабаби мактабни тарк этган ўқувчи коллеж ёки лицейга борганда ўзининг ахлоқини бемалол, ижтимоий назоратсиз трансформация қилиши (ўзгартириши), ўсмир муайян субмаданиятга осонгина иммитация (тақлид) қилиши мумкин бўлган ва бу жараёнда уни янги ижтимоий гуруҳ шундайлигича қабул қилган.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда вояга етмаганлар орасида эрта туғруқ ҳолатларини олдини олиш мақсадида «Мустаҳкам оила», «Аҳил оила», «Ҳаётга қўшил», «Ижобий фикрлашни ўқитиш» каби тарғибот ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ вазирлик 11 йиллик таълим тизими ўқувчилар ўртасидаги жиноятчиликни 2,5 баробарга камайтиргани ҳақида маълум қилган эди.