Instagram’даги Митҳун Ҳ. тахаллуси остида фаолият юритувчи сураткаш леопард ва қора пантеранинг ноёб суратини эълон қилди. У мазкур суратга «Абадий жуфтлик» дея ном берган. Митҳуннинг сўзларига кўра, у битта шу суратни олиш учун олти кун вақт сарфлаган, деб ёзади Esquire.
«Бу, албатта, сабр-тоқат талаб қилди. Пантера ва (урғочи леопард) Клеопатра тахминан 100 метрларда жуфт бўлиб юрганини эшитган эдим, бироқ уларни кўра олмадим. Шу сабаб битта нуқтада 6 кун кутишимга тўғри келди», — дейди Митҳун.
Суратга бўлган қизиқиш оптик иллюзия сабаб ортиб кетган. Сая (пантера) ва Клеопатра (урғочи леопард) бир-бирига нисбатан деярли бир хил ҳолатда турган. Шу сабабли пантера леопарднинг соясига ўхшаб қолган.
Маълумотларга кўра, Митҳун турли ёввойи мушукларни суратга олишга қизиқади. У леопард ва пантераларни National Geographic’нинг «Ҳақиқий қора пантера» лойиҳаси учун кузатган. Митҳуннинг Instagram’даги саҳифасида леопард, йўлбарс ва бошқа йиртқичларнинг ўнлаб суратларини кўриш мумкин. Сураткаш 150 мингдан ортиқ обуначига эга.
Қора пантералар кенг тарқалган нотўғри тушунчаларга кўра, алоҳида тур эмас. Бу леопард ёки қора рангли ягуарларнинг генетик версияси. Илм-фанда бу каби ҳодиса меланизм дейилади.
Изоҳ (0)