Футбол бўйича Туркия Суперлигасининг 2019/20 йилги мавсуми деярли якунланди.
26 июль куни «Қосимпошо» — «Истанбул Башакшеҳир» учрашуви бўлиб ўтади, бироқ мазкур ўйин натижаси мусобақа жадвалига ўзгариш киритмайди.
Аввалроқ «Истанбул Башакшеҳир» муддатидан аввал мамлакат чемпионлигини қўлга киритган ва Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи йўлланмасига эга чиққанди. Иккинчи ўринни «Трабзонспор» эгаллади ва Чемпионлар Лигаси саралаш босқичига йўлланма олди.
3-ўрин масаласи сўнгги турда ҳал бўлди. «Бешиктош» ўз ўйинини ғалаба билан якунлади ва мазкур турда ютқазиб қўйган «Сиваспор»дан икки очко ўзиб кетди. Бу икки жамоа Европа Лигаси саралаш босқичида қатнашади.
Лигани «Кайсериспор», «Ени Малатяспор» ва «Анкарагужу» клублари тарк этди.
Турк футболининг байроқдор клублари «Галатасарой» ва «Фенербаҳче» мос равишда 6 ҳамда 7-ўринлардан жой олди. Шу тариқа Истанбулнинг икки номдор жамоаси келаси мавсум Еврокубокларда қатнашмайди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)