Очиқ космосга биринчи бўлиб чиққан шахс Алексей Леонов бўлганини кўпчилик яхши билади. У 1965 йилнинг 18 март санасида «Беркут» номли скафандрда тахминан 12 дақиқа давомида очиқ космосда бўлган. Аёллардан эса биринчи бўлиб очиқ коинотга чиққан космонавт Светлана Савицкая эди. «Дарё» мазкур тарихий чиқишга 36 йил тўлгани муносабати билан Светлана Савицкаянинг фаолияти ҳақида маълумот беради.

Фото: Google Photos

Яқиндагина инсоният тарихидаги биринчи космонавт аёл – Терешкованинг парвози ҳақидаги ҳикоямизда унга ўша парвозда қайсидир маънода рақобатчи бўлган космонавтлар рўйхатида асосан парашют спорти билан профессионал шуғулланган аёллар бўлганини айтиб ўтган эдик. Савицкая эса моҳир парашютчи бўлиш билан бирга, реактив самолётларни ҳам бемалол бошқара оладиган профессионал учувчи бўлган.

У космонавтлар отрядига қабул қилинишидан аввал реактив самолётларда бажариладиган олий пилотаж спорти бўйича ҳамда атмосферанинг энг юқори қатламларидан, хусусан, стратосферадан парашютда сакраш бўйича катта мусобақалар ғолиби бўлиб, бир неча жаҳон рекордлари муаллифига айланиб улгурган эди.

1948 йилнинг 8 августида Москвада ҳарбий учувчи оиласида туғилган Савицкая 1965 йилда ўрта мактабни тугатиб, Москва авиация институтига (МАИ) ўқишга киради ва 1972 йилда ўқишни тамомлаб, учувчи-инструктор сифатида иш бошлайди. Кейинчалик у синовчи-учувчи сифатидаги фаолиятга жалб этилади ва МиГ-21, МиГ-25, Су-7 сингари реактив самолётларнинг синов парвозларида қатнашади.

Савицкая 1980 йилда навбатдаги космонавтлар отрядига қабул қилинди ва гуруҳ билан биргаликда «Союз-Т» космик кемаларда парвоз қилиш ва «Салют» орбитал станцияда иш олиб бориш учун тўлиқ тайёрлов курсларини ўтаган. Икки йиллик тайёргарлик ва синовлардан сўнг Светлана Савицкая дастлаб 1982 йилда «Салют-7» экспедицияси таркибида биринчи бора коинотга парвоз қилди. У етти кундан зиёдроқ вақт мобайнида орбитада бўлиб, космонавтлар Серебров ва Попов билан ҳамкорликда турли илмий топшириқларни ва техник вазифаларни бажарган. Ўша биринчи парвозидан кейин Савицкаяга Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилган эди.

Фото: Google Photos

Савицкаянинг иккинчи ва энг муҳим парвози 1984 йилнинг 17 июлида бошланган. Ўшанда Бойқўнғир космодромидан стартга чиққан «Союз Т-12» космик кемасида Савицкая билан бирга, шунингдек, Владимир Жонибеков ва Игорь Волков ҳам орбитага – «Салют-7» орбитал станциясига йўл олган бўлиб, Жонибеков экипаж командири бўлган ҳолда Савицкая бу сафар борт муҳандиси вазифасида учган.

18 июль куни космик кема орбитал станция билан муваффақиятли туташган ва экипаж асосий вазифаларни бажаришга киришган. Ушбу парвоздан кўзланган асосий вазифалардан бири тарихда биринчи марта аёл кишининг очиқ коинотга чиқиш бўлган бўлса-да, лекин ушбу чиқиш шунчаки кўргазмали чиқиш бўлмай, муҳим илмий мақсадни ҳам кўзлаган эди. Савицкая очиқ фазода металларни пайвандлаш бўйича илмий-техник тажриба ўтказиб кўриши керак бўлган.

Барча тайёргарлик ишлари бажарилгач, 1984 йилнинг 25 июль куни Тошкент вақти билан соат тахминан 21:00 га яқин Савицкая орбитал станциядан ташқарига чиқади. У билан биргаликда ўшанда Жонибеков ҳам биринчи марта очиқ космосга чиққан бўлиб, улар станциядан ташқарида Патон электропайванд институти томонидан тайёрланган махсус ускуналар ёрдамида металларни пайвандлаш, кесиш ва кавшарлаш ишларини бажариши керак эди. Космик кемадан ташқарида Савицкая 3 соат ва 35 дақиқа иш олиб борган.

Ушбу вақт мобайнида унинг барча хатти-ҳаракати Ердаги кузатувчилар томонидан диққат билан, синчиклаб кузатиб турилган. Савицкая ўзи ҳам вазифага жуда катта масъулият билан ёндашиб, қўйилган топшириқларни катта аниқликда, пунктуал даражада бажаргани билан ёдда қолган. Барча бир овоздан Савицкаянинг жуда профессионал даражада ишлаганини таъкидлаган эди.

Фото: Google Photos

Очиқ фазода ишлаш мобайнида Савицкая ва Жонибеков бир-бири билан ўзаро навбат алмашиниб ишлаган ва икки марта нур-соя айланиши бўйича Ер атрофини айланиб чиқишган. Яъни улар шу уч ярим соат мобайнида икки марта ёруғлик тарафга чиқишган (кундуз бўлган) ва икки марта Ернинг тун тарафига ўтишган. Тун тарафда бўлган пайтда ишлар вақтинча тўхтатиб турилган, чунки ёруғлик етарли бўлмаган шароитда белгиланган вазифани бажариш аниқлиги пасайиши хавфи бор эди. Пайванд асбоби эса максимал аниқликда ишлашни талаб қиларди.

Савицкаяга берилган скафандр олти соат очиқ космосда бўлишга ҳам имкон берса-да, лекин у вазифани белгиланган муддатдан бироз эрта бажариб уддалаган. Ушбу тарихий воқеа амалга ошгач, Савицкая 29 июль куни яна «Союз Т-12» космик кемасида Ерга қайтиб тушади. Унга «Олтин юлдуз» медали ва иккинчи марта Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилади.

Савицкая кейинчалик тўлиқ аёллардан иборат бўлиши режалаштирилган экипаж таркибида яна бир бора парвоз қилиши белгиланган эди. У ҳатто 1986 йилда моҳиятан АҚШнинг Space Shuttle дастурининг аналоги бўлган самолёт типидаги «Буран» космик кемасида ҳам коинотга учмоқчи бўлган. Лекин иттифоқда бошланган иқтисодий ва сиёсий инқироз ҳамда бошқа техник сабабларга кўра, Буран дастури амалга ошмай қолди. Савицкая 1993 йилда космонавтикадан нафақага чиқди ва ўзининг алма-матери бўлмиш МАИда дарс бера бошлайди.

Инсоният тарихидаги иккинчи космонавт аёл ва очиқ космосга биринчи бўлиб чиққан аёл бўлмиш Светлана Евгеньевна ҳозирда ҳам ушбу олийгоҳда доцент сифатида фаолият юритиб келмоқда. У техника фанлари номзоди даражасини ёқлаган бўлиб, 1996 йилдан буён мунтазам равишда Россия парламентида депутат ҳам бўлиб келмоқда.

Музаффар Қосимов тайёрлади.