Россия Федерал хавфсизлик хизмати Москва, Новосибирск шаҳарларида ва Красноярск ўлкасида «Ўзбекистон ислом ҳаракати» ҳужраларининг 22 нафар аъзосини қўлга олди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Қўлга олинганлар терактлар тайёрлаган, шунингдек, улар ташкилотга янги аъзолар йиғиш ва уларни жанговар ҳаракатлар ҳудудларига ўтказиш, Суриядаги террорчиларни молиялаштириш билан шуғулланган.
Қўлга олиш чоғида террорчилик ташкилотлари аъзоларидан тақиқланган диний адабиётлар, жангариларни тарғиб қилувчи видеоматериаллар, шунингдек, қалбаки паспортлар олинган.
Маълум қилинишича, мазкур теракт 2020 йил июнь ойининг бошидан буён махсус хизматлар томонидан олди олинган еттинчи теракт бўлди. Аввалроқ ФХХ Кабарда-Балкарияда куч тузилмаларига қарши ҳужумнинг олдини олган.
Бир ярим ой ичида Хабаровск ўлкасида, Ростов вилоятида, Астраханда, Владивостокда, Симферополда ва Чувашистонда жангарилар ҳужумларининг олди олинган, йил бошидан буён 17 та шундай ҳолат қайд этилган.
ФХХ директори Александр Бортниковнинг июнь ойида берган маълумотларига кўра, сўнгги ўн йилда Россияда 160 та, 2019 йилда эса 43 та терактга йўл қўйилмаган.
Изоҳ (0)