Ўзбекистонда 2017 йилдан эътиборан тўлиқ 9+3=12 йиллик таълим тизимидан 11 йиллик ўқишга ўтилгани сабаб мактаб ва коллеж ўқувчилари томонидан содир этилган умумий жиноятлар сони 2,5 баробарга камайган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда халқ таълими тизимида 9 942 та умумий ўрта таълим мактабларида 6,2 миллион нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, уларга 481 минг нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда.

Умумтаълим мактабларида ўқувчилар томонидан содир этилиши мумкин бўлган турли ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бугун халқ таълими соҳасида тарбияси оғир, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ўқувчилар билан тизимли ишлар йўлга қўйилган.

«Давомат», «Ўқувчи» тадбирлари мактабга мунтазам келмаётган ўқувчиларни мактабга қайтариш чораларини кўриш мақсадида жорий этилган.

Ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этишга мойил бўлган ўқувчиларни мактабнинг ички назоратига олиш тизимининг мавжудлиги бундай ўқувчилар томонидан кейинчалик жиноятлар содир этилишининг олдини олишда катта аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, сўнгги йиллар давомида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида содир этилган жиноятчиликнинг коэффициенти ҳар 10 минг нафар ўқувчига нисбатан таҳлил қилинганда 2016 йилда ҳар 10 минг нафар ўқувчидан 0,9 нафари жиноят содир этган, 2017 йилда ушбу кўрсаткич 0,8 ўқувчи, 2018 йилга келиб 0,8 ўқувчини ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг 12 ойи ҳолатига кўра 0,7 нафар ўқувчини ташкил қилди.

Касб-ҳунар таълими тизимидаги ҳолатни таҳлил қилинганда мазкур кўрсаткич 2016 йилда — 10, 2017 йилда — 10, 2018 йилда — 9, 2019 йилда — 8 нафар ўқувчини ташкил қилган.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 11 йиллик таълимнинг қайта тикланиши натижасида жами вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик коэффициенти 2016 йилда 2,4 ни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда мазкур кўрсаткич 1,0 ни ташкил этди.

Солиштириш учун, 2019 йил якунига кўра, мазкур кўрсаткич АҚШда — 44,7 ўқувчи, Россияда — 23,7 ўқувчи, Қозоғистонда — 7,6 ўқувчи ҳамда Тожикистонда — 3,6 ўқувчини ташкил қилган.